Эмине Эрдоған: "Ислом цивилизациясига беқиёс асарлар тақдим этган Имом Бухорийни ҳурмат билан ёд этаман"
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг рафиқаси Эмине Эрдоған Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида жойлашган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда мажмуа таркибидаги музейга ташриф буюрди, дея хабар берди Туркия Республикаси Президентининг расмий веб-сайти.
«Болалар фаровонлигига сармоя киритиш: келажак авлодларни барқарор ва адолатли ривожлантириш йўли» мавзусидаги Жаҳон саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турган Эмине Эрдоған мажмуадаги мақбарани зиёрат қилиб, дуо қилди. Шунингдек, мажмуа таркибидаги музей билан танишиб, унда намойиш этилаётган тарихий экспонатларни кўздан кечирди ва Имом Бухорийнинг ҳаёти ҳақида маълумот олди.
Зиёратда Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Ливан Президентининг рафиқаси Нимат Авн, Қирғиз Республикаси Президентининг рафиқаси Айгул Жапарова, НУН таълим ва маданият жамғармаси бошқаруви раиси доктор Эсра Албайрак ҳамда Покистон Бош вазирининг қизи Ойша Ҳорун ҳам иштирок этди.
Эмине Эрдоған ташриф таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида маънавий саёҳатни ҳис этганини таъкидлади. У ҳадис илмига бутун умрини бағишлаган буюк алломанинг хотирасини асраб келаётган ушбу масканнинг тарихий ва маданий қадри билан яқиндан танишганини қайд этди.
«Ислом цивилизациясига беқиёс асарлар тақдим этган, асрлар давомида инсониятга йўл кўрсатиб келаётган Имом Бухорийни раҳмат ва эҳтиром билан ёд этаман», — деб ёзди Эмине Эрдоған.





