114 Қуръон, буюк алломалар мероси ва ноёб битиклар: Ўзбекистон нашрлари 32 мамлакат иштирокидаги Боку халқаро китоб ярмаркасида тақдим этилмоқда
114 Қуръон, буюк алломалар мероси ва ноёб битиклар: Ўзбекистон нашрлари 32 мамлакат иштирокидаги Боку халқаро китоб ярмаркасида тақдим этилмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг буюк алломалар мероси, тарихий қўлёзмалар ва мамлакатнинг кўп асрлик маданий тараққиётига бағишланган нашрлари Озарбайжон пойтахтида ўтаётган XII Боку халқаро китоб ярмаркасида намойиш этилмоқда. Ярмаркада 32 мамлакатдан 59 та хорижий ҳамда 148 та маҳаллий нашриёт ва ташкилот иштирок этмоқда.
Озарбайжон Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур анжуман халқаро нашриётчилик тажрибаси билан танишиш, янги адабиётларни тақдим этиш ва китоб соҳасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини бажармоқда.
Боку Экспо марказида ташкил этилган халқаро кўргазмада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида», «Ўзбекистоннинг 114 Қуръони», «Тарихий обидалардаги битиклар», «Марказий Осиё: умумий мерос – умумий келажак» ва «Учинчи Ренессанс» каби китоблар ярмарка иштирокчилари эътиборига ҳавола этилмоқда.
Мазкур нашрлар Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илмий мактаблар, қўлёзма анъаналари, меъморий ёдгорликлар ва ислом цивилизацияси ривожига қўшилган тарихий ҳиссани турли йўналишларда ёритади.
Айниқса, ушбу нашрларни халқаро китоб ярмаркасида тақдим этиш уларнинг хорижий тадқиқотчилар, ноширлар ва кенг китобхонлар жамоатчилигига етиб бориши учун янги имконият яратмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Боку халқаро китоб ярмаркасидаги иштирокнинг аҳамияти, Марказнинг илмий-нашриётчилик фаолияти ва миллий меросни жаҳонга танитиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди.
Аввало, буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва жаҳонга танитиш учун кенг имкониятлар яратиб бераётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва доимий қўллаб-қувватлаши туфайли Ислом цивилизацияси маркази бугун халқаро илмий ҳамжамият эътирофига сазовор бўлаётган йирик илмий-маърифий платформага айланмоқда. Айни пайтда Марказда қарийб 130 та янги китоб ва илмий нашр тайёрланмоқда, етакчи олимларимиз иштирокида қатор янги илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Боку халқаро китоб ярмаркасидаги иштирокимиз ҳам ана шу ишларнинг амалий ифодасидир. Бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистоннинг бебаҳо илмий-маданий меросини дунёга танитиш, уни халқаро илмий муомалага олиб чиқиш ва келажак авлодларга етказишдир.
Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов ярмаркадаги иштирок юзасидан фикр билдирар экан, Ўзбекистон нашрлари ва мамлакат китобчилик соҳасига бўлган қизиқишни алоҳида таъкидлади.
Ярмаркада жуда кўплаб давлатлар, турли нашриётлар ва халқаро ташкилотлар ўз китоблари билан иштирок этмоқда. Олимлар, шоирлар, ёзувчилар ва китоб ишқибозлари ташриф буюриб, тақдим этилаётган нашрлар билан танишмоқда. Ўзбекистондаги китоб нашриёти ва ноширлик маҳсулотларига ҳам қизиқиш катта. Айниқса, болаларнинг китобларимизга қизиқиш билдириши қувонарли. Шу билан бирга, ярмарка доирасида турли сессиялар ва шўъба йиғилишлари ўтказилмоқда. Жумладан, «Озарбайжон қўлёзмалари дунё кутубхоналарида» мавзусидаги тадбирда турли миллат вакиллари иштирок этмоқда, — деди Рустам Жабборов.
Қозоғистон Қўлёзмалар институти директори Ихтиёр Палторе ҳам тарихий меросни ўрганиш ва халқаро китоб ярмаркаларида иштирок этишнинг аҳамиятига тўхталди.
Қадим-қадимдан ота-боболаримиз бизга бой китобий мерос қолдирган. Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий каби буюк алломаларимиздан мерос бўлиб қолган асарларни чуқур ўрганишимиз зарур.
Бундай кўргазмаларда иштирок этиш тарихимизга бўлган қизиқишимизни янада оширади. Биз ҳам ўз чиқишларимиз билан иштирок этдик, турли мамлакатлардан келган инсонлар билан танишдик. Албатта, бундай учрашувлар келгусида ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим имконият яратади. Турли давлатлар вакиллари, кутубхоналар ҳамда қўлёзмалар институтлари билан ҳамкорлик қилиш орқали тарихий меросимизни янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиламиз, — деди Ихтиёр Палторе.
Мазкур мавзудаги илмий мулоқотлар қўлёзмаларни тадқиқ этиш, тарихий манбаларни сақлаш ва миллий маданий меросни халқаро илмий муомалага киритиш масалалари билан ҳамоҳангдир.
Бу эса Ислом цивилизацияси марказининг асосий фаолият йўналишлари — тарихий қўлёзмаларни ўрганиш, алломалар меросини тадқиқ этиш ва илмий натижаларни кенг аудиторияга етказиш билан бевосита боғлиқ.
Халқаро ташкилотлар, ноширлар ва илмий муассасаларнинг бир майдонда иштирок этиши китобларни намойиш қилиш билан чекланмай, уларни тайёрлаш, илмий таҳрирдан ўтказиш, таржима қилиш ва турли мамлакатлар аудиториясига етказиш бўйича тажриба алмашиш учун ҳам имконият яратади.
Бу жиҳат Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Марказнинг илмий-нашриётчилик фаолияти буюк алломалар меросини ўрганиш, тарихий манбаларни илмий асосда ёритиш ва уларни замонавий китоблар орқали оммалаштиришга йўналтирилган.
Марказ томонидан намойиш этилаётган нашрлар ҳам тарихий билимларни илмий тадқиқот доирасидан кенгроқ аудиторияга олиб чиқишга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, Марказнинг Боку ярмаркасидаги иштироки нафақат китоблар тақдимоти, балки миллий илмий меросни халқаро маданий-маърифий мулоқотга олиб чиқишга қаратилган ташаббус ҳамдир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нашрларининг XII Боку халқаро китоб ярмаркасида тақдим этилиши миллий илмий-маънавий меросни замонавий китобчилик воситалари орқали дунёга танитишга қаратилган фаолиятнинг навбатдаги амалий ифодаси бўлди.
XII Боку халқаро китоб ярмаркасининг халқаро экспозицияси 25 октябрга қадар давом этади.





