Самарқанд ҳақидаги шеър учун 3000 АҚШ доллари...
Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Самарқанд шаҳрига бағишланган «Шеърият шаҳарлари» халқаро танлови ғолибларини эълон қилди.
Мазкур танлов Самарқанднинг 2025 йилда Ислом олами маданият пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ICESCO Шеърият ва адабиёт маркази томонидан ташкил этилган. Унинг асосий мақсади шеърият орқали Ислом олами шаҳарларининг бой тарихий-маданий мероси, маънавий қадриятлари ва цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб этишдан иборат.
Танлов натижалари Работ шаҳридаги ICESCO қароргоҳида, Бутунжаҳон роман ҳафталиги доирасида эълон қилинди. Унда турли мамлакатлардан келиб тушган 600 та шеър иштирок этди. Дастлабки саралашдан ўтган 174 та асар экспертлар томонидан бадиий савияси, мазмун-моҳияти ва танлов талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин яманлик Муҳаммад Дарвиш Ҳасан Максаига, иккинчи ўрин фаластинлик Аҳмад Юсри Ҳасан ал-Хаттобга, учинчи ўрин эса мисрлик Муҳаммад Исмоил Абдуллоҳ Сувейлимга насиб этди. Шунингдек, Сурия, Ироқ, Жазоир, Тунис ва Мавритания вакиллари бўлган етти нафар шоир рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.
Ғолиблар учун муносиб пул мукофотлари ҳам белгиланган. Маълумотларга кўра, биринчи ўрин соҳиби 3000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин соҳиби 2000 АҚШ доллари, учинчи ўрин соҳиби эса 1000 АҚШ доллари билан тақдирланган.
Самарқанднинг халқаро шеърият танловига илҳом манбаи сифатида танланиши бежиз эмас. Асрлар давомида илм-фан, адабиёт, меъморчилик ва санъат марказларидан бири бўлиб келган ушбу қадимий шаҳар Шарқ цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг тарихий қиёфаси, маданий мероси ва маънавий муҳити бугун ҳам турли мамлакатлар ижодкорлари ва тадқиқотчиларини ўзига жалб этмоқда.
Бундай халқаро ташаббуслар Самарқанднинг жаҳон маданий маконидаги нуфузини мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги адабий ва маънавий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини кенг халқаро аудиторияга етказишга хизмат қилади.





