QNA: "Дипломатия институтидаги симпозиум Қатар ва Ўзбекистон ислом марказларининг Ислом цивилизациясини тарғиб этишдаги ролини ёритди"
Қатарнинг Қатар ахборот агентлиги (Qatar News Agency — QNA) расмий сайтида 2026 йил 29 октябрь куни «Дипломатия институтидаги симпозиум Қатар ва Ўзбекистон ислом марказларининг Ислом цивилизациясини тарғиб этишдаги ролини ёритди» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Доҳа шаҳрида Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия институти ва Қатар цивилизациялар альянси қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган халқаро симпозиум, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг нутқи, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги тарихий-маънавий меросни асраб-авайлаш, илмий-таълимий ҳамкорликни кенгайтириш ва Ислом цивилизациясини халқаро миқёсда тарғиб этиш истиқболлари ҳақида сўз боради.
ДОҲА, 29 октябрь (QNA) — Қатар цивилизациялар альянси қўмитаси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия институти билан ҳамкорликда ташкил этилган симпозиумда Қатар ва Ўзбекистон ислом марказларининг Ислом цивилизациясини тарғиб этишдаги роли алоҳида таъкидланди. Тадбир икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик ва исломий маданий меросни кенг тарғиб этиш йўлидаги қўшма саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлди.
Бугун Дипломатия институтида бўлиб ўтган симпозиумда Қатар Давлати вазири, Қатар Миллий кутубхонаси президенти доктор Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Каварий, Ўзбекистон Республикасининг Қатар Давлатидаги элчиси Ашраф Хўжаев, шунингдек, дипломатлар, расмий шахслар, илмий ва диний муассасалар раҳбарлари иштирок этди.
Кириш сўзида доктор Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Каварий Қатар Давлати маданий дипломатияни турли маданиятлар ўртасида кўприклар барпо этишнинг доимий ёндашуви сифатида қабул қилганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, маданият баъзан сиёсат эриша олмайдиган натижаларга эришиши, китоблар эса музокаралар орқали очиш қийин бўлган қалбларга йўл топиши мумкин.
Унинг таъкидлашича, Қатар Миллий кутубхонаси ўзини шунчаки китоблар сақланадиган маскан эмас, балки халқлар ва миллатларни бир-бирига боғловчи дарча сифатида кўради. Кутубхона фондида Мовароуннаҳр олимларининг илмий меросини акс эттирувчи ноёб қўлёзмалар ва босма нашрлар мавжуд. Шунингдек, кутубхонанинг меросни сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш борасидаги тажрибаси Қатар Давлати ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида Ислом цивилизациясини тарғиб этиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Доктор Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Каварий Ўзбекистон Республикасидаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилганини маълум қилди. У меросни сақлаш ва рақамлаштириш, кўргазмалар ҳамда тажриба алмашиш, шунингдек, ҳар икки мамлакат тадқиқотчиларини қўллаб-қувватлаш орқали янада адолатли ва инсонпарвар келажакни барпо этиш йўлидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг Қатар Давлатидаги элчиси Ашраф Хўжаев икки мамлакат ўртасидаги стратегик муносабатларнинг чуқур тарихи ва мустаҳкамлигини қайд этиб, халқларимизни бирлаштириб турувчи тарихий ва маданий алоқаларга алоҳида тўхталди.
Элчи икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, улар ўзаро манфаатлар, бир-бирининг олдидаги мажбуриятларга содиқлик ва конструктив ҳамкорликка асосланганини қайд этди. Шунингдек, икки мамлакат етакчиларининг олий даражадаги ўзаро ташрифлари турли соҳалардаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ашраф Хўжаев Ислом цивилизациясининг тарихий аҳамияти, унинг илм-фан, таълим, фалсафа ва адабиёт ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам сўз юритди. У Ўзбекистон заминида буюк цивилизация марказлари шакллангани, бу ердан Имом Бухорий, Имом Термизий ва Муҳаммад ал-Хоразмий каби машҳур алломалар етишиб чиққанини қайд этди.
Элчининг таъкидлашича, ушбу интеллектуал меросни асраб-авайлаш фақат ўтмишни ёдга олиш эмас, балки келажакка сармоя киритиш ва цивилизациялараро мулоқот механизмларини мустаҳкамлаш ҳамдир. У симпозиум дипломатик ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириши ҳамда икки мамлакат ўртасида амалий ташаббусларга йўл очишига умид билдирди.
Қатар цивилизациялар альянси қўмитаси котиби, элчи Абдулла бин Аҳмад Ал-Сада ҳам Қатар Давлатидаги ислом марказлари Ислом цивилизациясини тарғиб этиш, унинг инсонпарварлик ва маданий қадриятларини кенг ёйишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ушбу марказлар маърифий ва таълимий фаолият, маърузалар, семинарлар ва кўргазмалар орқали Ислом тарихини ҳамда унинг санъат ва адабиёт ривожига қўшган ҳиссасини намоён этмоқда.
Элчи мазкур марказларнинг аҳамияти, аввало, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва Исломнинг бағрикенглик, адолат, ҳамжиҳатлик ҳамда инсон қадр-қимматини ҳурмат қилишга асосланган тамойилларини намоён этишда эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қатар Давлатидаги маданий очиқлик, турли миллат ва маданият вакилларининг биргаликда яшаши шароитида бу каби саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис ислом марказлари мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасидаги Ислом цивилизацияси маркази директори доктор Фирдавс Абдухолиқов ҳам Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ўзаро ҳурмат, умумий қадриятлар ва икки мамлакат раҳбарларининг турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши асосида изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
У Марказнинг тарихий ва илмий меросни асраб-авайлаш, мусулмон алломалари ва буюк шахсларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кенг ёритиш борасидаги фаолиятига тўхталди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний ва инсоният цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган бошқа алломалар меросини ўрганиш ва тарғиб этиш ишлари ҳақида маълумот берди.
Унинг тушунтиришича, Марказ фаолияти бир нечта асосий йўналишга таянади. Булар — қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларни сақлаш ҳамда ўрганиш, кўргазма заллари ва миниатюра музейларини ташкил этиш, тарих ва маданий меросни намойиш қилишда замонавий технологиялардан фойдаланишдир. Шунингдек, олимлар ва ёш тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш орқали илмий-таълимий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, музейлар, маданий ва таълим муассасалари ўртасида халқаро маданий мулоқотни ривожлантириш ҳам Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Симпозиум доктор Новзад Абдулраҳмон Ал-Ҳитининг модераторлигида «Ислом цивилизацияси: Ўзбекистон ва Қатарнинг буюк маънавий мероси» мавзусидаги панель муҳокамаси билан якунланди.
Муҳокамада Ҳамад бин Халифа университети ҳузуридаги Муҳаммад бин Ҳамад Ол Соний номидаги Мусулмонларнинг цивилизацияга қўшган ҳиссасини ўрганиш маркази директори доктор Оиша Юсуф Ал-Маннаий, Абдулла бин Зоид Ал-Маҳмуд номидаги Ислом маданияти маркази тадқиқотчиси доктор Мухтор Муҳаммад Мухтор ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори доктор Илҳомжон Бекмирзаев иштирок этди. (QNA)





