Польша oлий таълим ва фан вазири: “албатта кўриш керак”
Польша Республикаси олий таълим ва фан вазири Марчин Куласек Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ноёб тарихий артефактлар ва бой экспозициялар орқали Ўзбекистон ўтмишини кенгроқ англаш, айниқса, ёш авлодни миллий тарих билан яқиндан таништириш имконияти яратилган ва Марказни албатта бориб кўришга арзийдиган музей деб атади.
Польша Республикаси олий таълим ва фан вазири Марчин Куласек бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг экспозициялари, тарихий артефактлари ва замонавий музей технологиялари билан танишди.
Ташриф давомида меҳмонларга Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимий цивилизациялар, илм-фан ва маданият тараққиёти, шунингдек, буюк алломаларнинг жаҳон илмий тафаккурига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди.
Марчин Куласек, Польша Республикаси олий таълим ва фан вазири:
«Бу жуда гўзал маскан. У Ўзбекистон тарихини ўзида мужассам этган. Менимча, бу музейни албатта кўриш керак, чунки у жуда қизиқарли ва мазмунан бой.
Бу ердаги барча экспозициялар, айниқса, кўплаб қизиқарли тарихий артефактлар катта таассурот қолдиради.
Ўйлайманки, бу маскан кўплаб инсонларга Ўзбекистон тарихини ўрганиш ва уни янада чуқурроқ англаш имконини беради», — деди вазир.
Ташриф якунида Марчин Куласек Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобига ҳам ўз таассуротларини ёзиб қолдирди.





