7 ёшдан 70 ёшгача: Ислом цивилизацияси марказидаги хаттотлик мактабига 1700 нафардан ортиқ киши мурожаат қилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Халқаро хаттотлик мактабига мурожаат қилганлар сони 1700 нафардан ошди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мактабда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган турли авлод вакиллари учун қадимий хаттотлик санъатини бепул ўрганиш имконияти яратилган. Мактаб фаолияти давомида юз нафардан ортиқ ёшлар анъанавий хат турлари бўйича дастлабки амалий кўникмаларни эгаллаб, ўз ижодий асарларини яратишга киришган.
Халқаро хаттотлик мактаби Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 29 январда Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида хаттотлик санъатини қайта тиклаш, ривожлантириш ва келажак авлодларга етказиш юзасидан берган топшириқлари асосида ташкил этилган. Мактабнинг асосий мақсади асрлар давомида шаклланган миллий китобат анъаналарини сақлаш, қадимий хат турларини ўргатиш ҳамда соҳада малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Бугун мазкур мактабда турли ёш ва касб вакиллари учун машғулотлар ташкил этилган. Бу ерда хаттотликка қизиқувчи мактаб ўқувчилари ва талабалар билан бир қаторда, меҳнат фаолиятини давом эттираётган фуқаролар ҳамда нафақадаги кекса авлод вакиллари ҳам таълим олиш имкониятига эга.
Муҳаммад Солиев, Халқаро хаттотлик мактаби устози:
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мактабимизда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқароларга хаттотлик сабоқларини бермоқдамиз. Таълим уч тоифа учун йўлга қўйилган: умумтаълим мактаблари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда хаттотликка қизиқувчи турли касб эгалари. Учинчи тоифа орасида нафақадаги отахон ва онахонларимиз ҳам бор. Уларнинг барчаси ҳафтасига икки марта, бир соатдан бепул дарс олиш имкониятига эга. Бугунги кунга қадар мактабимизга мурожаат қилганлар сони 1700 нафардан ошди, — дейди Муҳаммад Солиев.
Мактабда машғулотлар анъанавий устоз-шогирд тизими асосида олиб борилади. Таълим жараёнида ҳар бир ўқувчининг тайёргарлик даражаси, қобилияти ва ўзлаштириш суръати инобатга олинади. Шогирдлар дастлаб ҳарфларнинг шакли, ўлчами ва ёзилиш қоидаларини ўрганади. Кейинги босқичларда эса мураккаб хат турлари ва бадиий композициялар яратиш сирларини ўзлаштиради.
Моҳир хаттот бўлиш учун қанча вақт керак?
Хаттотлик фақат ҳарфларни чиройли ёзиш маҳорати эмас. Бу санъат ҳар бир ҳарфнинг тузилиши, ўзаро мутаносиблиги, ёзувнинг бадиий яхлитлиги ва муайян хат услубига хос қоидаларни пухта билишни талаб этади. Шу боис хаттот бўлиб етишишда мунтазам машқ қилиш ва устоз кўрсатмалари асосида босқичма-босқич билим эгаллаш муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад Солиевнинг таъкидлашича, мактабда олти ойдан уч йилгача мўлжалланган ўқув дастури ишлаб чиқилган. Унда шогирдларнинг турли хат услубларини изчил ўзлаштириши назарда тутилган.
Хаттотликда илмнинг чегараси йўқ. Масалан, биргина «Насхи Бухорий» хат турини пухта ўрганиш учун тўрт ойдан олти ойгача вақт талаб этилади. Шу сабабли дастуримизда ҳар бир хат турини ўзлаштириш учун тахминан олти ой ажратилган. Моҳир хаттот бўлиб етишиш учун насх, настаълиқ, сулс, руқъа, девоний ва куфий каби турли ёзув услубларини ўрганиш, уларнинг ўзига хос хусусиятларини эгаллаш зарур, — дейди мактаб устози.
Таълим жараёнининг дастлабки натижалари ҳам кузатилмоқда. Хусусан, олти-етти ой давомида мунтазам шуғулланган айрим шогирдлар «Насхи Бухорий» хат турининг биринчи ва иккинчи босқич машқларини ўзлаштириб, мустақил бадиий композициялар яратишга киришган.
Ҳозир шогирдларимиз орасида «Насхи Бухорий» хат турининг биринчи ва иккинчи босқичларини пухта ўзлаштирганлар бор. Улар ўзларининг дастлабки бадиий композицияларини ҳам яратмоқда. Бу, албатта, биз, устозлар учун ҳам қувонарли натижа, — дея таъкидлайди Муҳаммад Солиев.
Унинг маълум қилишича, мактаб фаолияти давомида юз нафардан ортиқ ёшлар хаттотлик бўйича муайян амалий натижаларга эришган. Шогирдларнинг ижодий ишлари асосида кўргазмалар ва маҳорат дарслари ҳам ташкил этилган.
Мактабда хаттотликнинг техник қоидалари билан бирга, унинг маънавий ва бадиий мазмунига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўқувчиларга ёзувнинг меъморий макон билан уйғунлиги, ҳарфлар ва безак элементларининг мутаносиблиги ҳамда матнни жойнинг вазифаси ва мазмунига қараб танлаш тамойиллари ўргатилади.
Хаттотлик санъатининг ўзига хос нозик жиҳатлари бор. Ҳар бир маконга унинг вазифаси ва мазмунига мос ёзув танлаш керак. Масалан, масжидларда ибодатга, университет ва мадрасаларда илмга чорловчи оятлар, ҳадислар ва ҳикматли сўзлар битилади. Хонадонларда ота-онага ҳурмат, меҳр-оқибат ва силаи раҳмга оид ёзувлар, мақбараларда эса хотира ва эҳтиром мазмунидаги битиклар қўлланилади. Шунинг учун шогирдларимизга хаттотликда нафақат ёзувнинг шакли, балки унинг мазмуни ҳам муҳимлигини ўргатамиз, — дейди устоз.
Бу ёндашув хаттотликни фақат ёзув техникаси сифатида эмас, балки китобат, меъморчилик ва бадиий безак санъати билан боғлиқ яхлит ижодий йўналиш сифатида ўрганиш имконини бермоқда.
Кейинги мақсад — нодир қўлёзмалар асосида хаттотлик нусхаларини яратиш
Халқаро хаттотлик мактаби олдига қўйилган истиқболли вазифалардан бири тарихий қўлёзмалар билан ишлаш маҳоратига эга янги авлод хаттотларини тайёрлашдир. Келгусида юқори натижаларга эришган шогирдларни Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида сақланаётган нодир асарлар асосида хаттотлик нусхаларини яратиш ишларига жалб этиш режалаштирилмоқда.
Бу ташаббус қадимий китобат услубларини амалий жиҳатдан ўрганиш, тарихий ёзув анъаналарини давом эттириш ва уларни замонавий бадиий ижод билан боғлашга қаратилган.
Келгусида муайян маҳоратга эришган шогирдларимизни Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасидаги нодир қўлёзмалардан хаттотлик нусхаларини кўчириш ишларига ҳам жалб этиш ниятидамиз. Хусусан, Алишер Навоий ва бошқа буюк аждодларимиз меросига оид қўлёзмалар асосида амалий ишлар олиб боришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун шогирдларимиз анъанавий хат турларини пухта ўзлаштиришлари муҳим. Асосий мақсадимиз — устоз-шогирд анъанасини давом эттириш ва бу бебаҳо санъатни келажак авлодларга етказиш, — дейди Муҳаммад Солиев.
Мактабда хаттотликнинг амалий ва касбий имкониятларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Устознинг фикрича, бу санъатни пухта эгаллаган ёшлар келгусида бадиий композициялар, китоб безаклари ва бошқа ижодий асарлар яратиш орқали ўз маҳоратларидан мустақил касбий фаолиятда ҳам фойдаланишлари мумкин.
Шу тариқа, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро хаттотлик мактабида қадимий китобат анъаналарини қайта тиклаш ва уларни янги авлодга ўргатиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. 1700 нафардан ортиқ мурожаатчи ва шогирдларнинг дастлабки ижодий натижалари ушбу санъатга бўлган қизиқишни намоён этмоқда. Энди асосий вазифа — ана шу қизиқишни пухта билим ва амалий маҳоратга айлантириб, тарихий қўлёзмалар меросини ўрганиш ҳамда китобат анъаналарини давом эттиришга қодир янги авлод хаттотларини тарбиялашдир.
Шаҳина Алижонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин





