Россиялик олим: «Замонавий технологиялар Ўзбекистонда тарихий меросни қайта жонлантирмоқда»
Россия Федерацияси Молия вазирлиги ҳузуридаги Илмий-тадқиқот молия институти (НИФИ) делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Делегация раҳбари, Россия Федерацияси Молия вазирлиги Илмий-тадқиқот молия институти директори вазифасини вақтинча бажарувчи Глеб Покатович Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тарихни яхлит цивилизациявий жараён сифатида намойиш этиш тажрибасини юқори баҳолади.
Глеб Покатович, Россия Федерацияси Молия вазирлиги Илмий-тадқиқот молия институти директори в.в.б:
«Марказ, албатта, фавқулодда таассурот қолдирадиган маскан. Энг муҳими, бу ерда тарих алоҳида-алоҳида воқеалар сифатида эмас, балки яхлит жараён, ўзаро боғлиқ цивилизациявий тараққиёт сифатида намоён бўлади. Экспозициялар Ўзбекистон ва унга туташ ҳудудларда цивилизациянинг шаклланиш жараёнини, босқичларини изчил англаш имконини беради.
Бу ерда интерактив экспозициялар жуда кўп, бироқ уларнинг аҳамияти фақат замонавий технологиялар билан чекланмайди. Энг муҳими, улар тарихий жиҳатдан ишончли маълумотлар ва асл артефактлар билан уйғунлашган. Сиз нафақат ноёб ашёларни кўрасиз, балки улар ҳақидаги маълумотларни тинглайсиз, айрим экспозицияларда бевосита иштирок этиб, тарихий жараёнларни янада яқинроқ ҳис қиласиз.
Менимча, айнан шу жиҳат Марказни алоҳида ажратиб туради: қадимий тарих замонавий технологиялар билан шундай уйғунлаштирилганки, ўтмиш ҳақидаги маълумотлар ташриф буюрувчи учун жонли ва таъсирчан тажрибага айланади.
Бу ерга яна келишни истардим. Нафақат ўзим, балки бошқаларга ҳам ушбу Марказни кўришни қатъий тавсия қиламан», — деди Глеб Покатович.





