Ўзбекистон делегацияси VII бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форумида иштирок этди
Жорий йилнинг 27–28 октябрь кунлари Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида “Бўлинган дунёда умумий келажак учун мулоқот: кўприклар қуриш” шиори остида VII Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Нуфузли халқаро анжуманда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик, БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТ Цивилизациялар альянсининг Олий вакили Мигел Анхел Моратинос, Озарбайжон Диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси раиси Рамин Маммадов, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, шунингдек, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар ва диний жамоалар вакиллари қатнашди.
Форум доирасида маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, турли халқлар ва цивилизациялар ўртасида ўзаро англашувни кенгайтириш, глобал муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш масалалари муҳокама қилинди.
28 октябрь куни Озарбайжон Диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси ҳамда БМТ Цивилизациялар альянси (UNAOC) ҳамкорлигида “Динлараро мулоқот: умумий келажак сари йўл харитаси” мавзусида ялпи мажлис ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов ҳам иштирок этиб, мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
У ўз нутқида форум тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим халқаро мулоқот майдони эканини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини боғлаб турган муштарак тарихий илдизлар, бой маданий мерос ва дўстлик ришталарига алоҳида эътибор қаратди. Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий ижоди икки халқнинг маънавий яқинлиги ва муштарак адабий меросининг ёрқин намунаси сифатида қайд этилди.
Бугунги геосиёсий зиддиятлар, ксенофобия ва исломофобия кучайиб бораётган шароитда динлараро мулоқот инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу билан бирга, диний бағрикенгликни мустаҳкамлашда таълим, ёшлар билан ишлаш ҳамда рақамли даврда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш борасидаги халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг форумда иштироки ҳам мамлакатимизнинг бой исломий ва умуминсоний меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда халқаро илмий-маърифий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Таъкидлаш жоизки, VII Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форуми турли маданият ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий қадриятлар асосида тинч ва барқарор келажакни шакллантиришга қаратилган халқаро мулоқот майдони сифатида ўз ишини якунлади.





