BBC журналисти ва продюсери: “Ислом цивилизацияси маркази фаолияти халқаро миқёсда ҳам ниҳоятда муҳим”
Лондонда фаолият юритувчи, дунёдаги энг қадимий ва нуфузли халқаро ахборот ташкилотларидан бири – BBC журналисти ва продюсери Аарон Акиньеми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини бутун инсониятнинг муштарак маданий меросини англаш нуқтаи назаридан муҳим маскан сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг қадимий Буюк ипак йўлида тутган ўрни жаҳон тарихи учун катта аҳамиятга эга.
BBC журналисти ва продюсери Аарон Акиньеми мажмуанинг меъморий ечимлари, тарихий мазмунга эга безаклари, “Қуръони карим зали”даги мэппинг-шоу, қадимий Буюк ипак йўли тарихига бағишланган замонавий экспозициялар ҳамда мажмуанинг бадиий безакларига алоҳида эътибор қаратди.
Аарон Акиньеми, BBC журналисти ва продюсери (Лондон):
«Ростини айтсам, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мени ниҳоятда ҳайратга солди. Бинонинг маҳобатли меъморий қиёфасиёқ кишида кучли таассурот уйғотади. Ичкарига қадам қўйганингизда эса деворлардаги нафис мозаикалар, ранглар уйғунлиги ва уларда акс этган тарихий мазмун бу таассуротни янада кучайтиради.
Менга, айниқса, Ўзбекистон тарихининг замонавий ва интерактив усуллар орқали намойиш этилаётгани ёқди. Бу тарихни ўрганишнинг жуда қизиқарли ва ўзига жалб этувчи усули. “Қуръони карим зали”даги мэппинг-шоу ҳам менда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, қадимий Буюк ипак йўли тарихининг замонавий ёндашувлар билан ёритилгани, турли заллардаги экспозицияларнинг ўзига хос тақдимоти ҳам ниҳоятда қизиқарли бўлди.
Менимча, ушбу Марказ бутун инсониятнинг муштарак маданий мероси нуқтаи назаридан ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон қадимий Буюк ипак йўлида тутган ўрни туфайли жаҳон тарихида муҳим роль ўйнаган. Марказ ана шу тарихий аҳамиятни жуда муваффақиятли акс эттирган. Шу жиҳатдан, унинг фаолиятини халқаро миқёсда ҳам ниҳоятда муҳим деб ҳисоблайман», — деди Аарон Акиньеми.





