Ўзбекистоннинг ҳудудий олийгоҳлари кутубхоначилари Ислом цивилизацияси марказида янги тажриба билан танишди
Электрон ахборот ресурслари, замонавий техник воситалар, кўзи ожиз китобхонлар учун яратилган шароитлар ва китоб фондини ташкил этишнинг ўзига хос усуллари — Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган олий таълим муассасалари кутубхоначилари Ислом цивилизацияси марказида ана шу тажрибалар билан танишди. Амалий машғулотларнинг асосий мақсади кутубхона хизматларини такомиллаштириш бўйича илғор ёндашувларни ўрганиш ва улардан ҳудудлардаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятида фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида республиканинг турли ҳудудларидан келган олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари раҳбарлари ва ходимлари учун амалий машғулотлар ташкил этилди.
Машғулотлар Таълим ва илм фан вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг «Ахборот-кутубхона фаолияти» йўналиши бўйича малака ошириш курслари доирасида ўтказилди.
Дастурдан кўзланган мақсад мутахассисларни замонавий кутубхона хизматлари, рақамли ресурслар ва китобхонлар учун яратилган қулайликлар билан таништириш, назарий билимларни амалий тажриба билан мустаҳкамлашдан иборат.
Кутубхона хизматида қандай янги ёндашувлар ўрганилди?
Машғулот аввалида Ислом цивилизацияси марказининг Кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими бошлиғи Равшан Қодиров иштирокчиларга кутубхона фаолияти, унинг ресурслари ва хизмат кўрсатиш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Мутахассислар илмий адабиётлар фонди, электрон ахборот ресурслари, замонавий техник воситалар ҳамда алоҳида эҳтиёжга эга китобхонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Айниқса, кутубхона муҳитини турли тоифадаги фойдаланувчилар учун қулай ташкил этиш, китобларни жойлаштириш ва зарур адабиётларни топишни енгиллаштиришга қаратилган ечимлар иштирокчилар эътиборини тортди.
Одил Ҳусанов, Наманган давлат университети Ахборот-ресурс маркази ходими:
«Бугунги машғулотнинг айнан Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилгани биз учун катта янгилик ва рағбат бўлди. Айниқса, бу ердаги илмий адабиётлар, буюк аждодларимиз меросига бўлган эътибор ва китобхонлар учун яратилган шароитлар алоҳида таассурот қолдирди. Бу тажрибалардан ўз таълим муассасаларимизда ҳам фойдаланишни истаймиз», — деди у.
Кутубхона фаолияти билан танишувдан сўнг иштирокчилар малака ошириш дастури бўйича ўқув машғулотларини давом эттирди. Курсларда рақамли технологиялар, сунъий интеллект имкониятлари ва замонавий кутубхона хизматларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
Наргиза Мирхожаева, Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти катта ўқитувчиси:
«Бугун технологиялар шиддат билан ривожланмоқда, сунъий интеллект имкониятлари ҳам кутубхоначилик соҳасига кириб келмоқда. Шу боис курсларимизда тингловчиларни янги технологиялар билан таништириш, замонавий хизмат кўрсатиш усулларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратамиз. Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасидаги техник имкониятлар ва яратилган шароитлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Энг муҳими, улар бу ерда кўрган янгиликларини ўз иш жойларида ҳам амалиётга татбиқ этиш истагини билдирмоқда», — деди у.
Машғулот иштирокчилари кутубхонадаги инклюзив хизматлар ва китоб фондини ташкил этиш усулларига ҳам алоҳида қизиқиш билдирди.
Муножат Жўраева, Наманган давлат техника университети Ахборот-ресурс маркази бош мутахассиси:
«Бу ерда миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган. Айниқса, кўзи ожиз китобхонлар учун яратилган шароитлар ва замонавий техник воситалар катта таассурот қолдирди. Мен учун энг қизиқарли жиҳатлардан бири китобларни ранглар бўйича ажратиб жойлаштириш усули бўлди. Бу биз учун янги тажриба. Ушбу ёндашувни ўз кутубхонамизда ҳам қўллашимиз мумкин», — деди у.
Мазкур амалий машғулотлар давомида мутахассислар ўз муассасаларида хизмат кўрсатишни такомиллаштириш учун қўллаш мумкин бўлган ана шундай аниқ усуллар юзасидан ҳам тажриба алмашди.





