Президент ташаббуси бўлган «Умра+» зиёратчилари Ўзбекистон тарихини янгича кашф этмоқда
Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек сиймолари билан виртуал мулоқот, буюк алломалар меросини интерактив технологиялар орқали ўрганиш ва кўп асрлик тарихни янгича англаш — «Умра+» дастури иштирокчиларининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига навбатдаги ташрифи ана шундай таассуротларга бой бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган «Умра+» дастури Умра зиёратини Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси билан танишишга уйғунлаштириш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Дастур доирасида Ислом цивилизацияси марказига ташкил этилаётган маърифий ташрифлар зиёратчиларга юртимизнинг илмий-маънавий мероси ҳамда буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини яқиндан ўрганиш имконини бермоқда.
Бугун ҳам «Умра+» дастури доирасидаги навбатдаги зиёратчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, юртимизнинг илмий-маънавий мероси, буюк мутафаккирлар фаолияти ва уларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси билан танишди.
Айниқса, буюк алломаларнинг рақамли сиймолари билан савол-жавоб қилиш имконияти зиёратчиларда катта қизиқиш уйғотди. Интерактив ечимлар тарихий шахсларнинг илмий фаолияти ва кашфиётлари ҳақидаги маълумотларни одатий музей намойишидан фарқли шаклда ўрганиш имконини берди.
Манира Ҳосилова, зиёратчи:
«Биз бу нарсаларни фақат китоблардан ўқиганмиз. Бу ерда эса ўз кўзимиз билан кўрдик. Беруний, Хоразмий, Навоий, Бухорий каби алломаларимиз билан бутун дунё фахрланишини истайман. Буни дунё кўриши керак. Президентимизга катта раҳмат».
Беруний ва Улуғбек билан виртуал мулоқот
Зиёратчиларнинг алоҳида эътиборини тортган жиҳатлардан бири Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек сиймолари билан интерактив мулоқот қилиш имконияти бўлди.
Замонавий технологиялар ёрдамида яратилган рақамли образлар орқали меҳмонлар алломаларга саволлар йўллаб, уларнинг ҳаёти ва илмий меросига оид маълумотлар олди.
Муршида Исфандиёрова, зиёратчи:
«Мен бу ерга келишни жуда орзу қилардим. Ниҳоят, бугун ниятимга етдим. Айниқса, алломалар билан савол-жавоб қилиш, саволларимизга дарҳол жавоб олиш имконияти менга жуда ёқди. Уйга қайтгач, кўрганларимни оиламга айтиб беришга ошиқяпман. Уларни ҳам, фарзандларимни ҳам бу ерга олиб келишни хоҳлайман».
Мавлуда Нурмуҳамедова, зиёратчи:
«Ёшлар бу ерга келса, жуда кўп нарсани ўрганиши мумкин. Гидларимиз ҳамма нарсани тушунтириб беряпти, қулоқчинлар орқали барчасини аниқ эшитяпмиз. Жуда катта таассурот олдим. Яна келишим керак, чунки бу ерни бир марта кўришнинг ўзи етарли эмас».
«Умра+» дастури доирасида ташкил этилаётган бундай ташрифлар зиёрат сафари олдидан иштирокчиларни Ўзбекистоннинг илмий-маънавий мероси билан янада яқиндан таништириш имконини бермоқда. Ташриф якунида зиёратчилар илгари китобларда ўқиган тарихий маълумотларини замонавий экспозициялар орқали бевосита кузатиб, бу меросни фарзандлари ва кенг жамоатчиликка ҳам етказиш истагини билдирди. Марказда орттирилган таассуротлар эса зиёратчиларнинг ўз тарихига бўлган қизиқишини кучайтириш билан бирга, буюк алломалар меросини кейинги авлодларга етказиш истагини ҳам мустаҳкамламоқда.





