Уммоннинг «Ат-Таквин» нашрида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳақида мақола эълон қилинди
Ўмон Султонлигининг маданий-маърифий йўналишдаги нуфузли нашри — «Ат-Таквин» (Al Takween Magazine) журналида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва унинг халқаро аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилинди.
Нашрда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси маркази тақдимотини ташкил этиш режалаштирилгани ҳақида маълумот берилган. «Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий алоқалар» мавзусидаги тадбир Султон Қобус номидаги Буюк масжиднинг маърузалар залида ўтказилиши белгиланган.
Мақолада Ўзбекистоннинг бой исломий мероси, унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳамда мамлакатимизнинг илм-фан ва маданият тарихидаги алоҳида ўрни ёритилган. Шунингдек, Ўмон Султонлиги кўмагида барпо этилган «Абу Райҳон Беруний кутубхонаси» икки мамлакат ўртасидаги тарихий ва маданий ҳамкорликнинг муҳим намунаси сифатида қайд этилган.
Нашрда Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Марказий Осиё ва ислом оламидаги йирик маданий-маърифий ва илмий масканлардан бири сифатида эътироф этилган. Марказнинг тарихий хотирани тиклаш, ноёб қўлёзмаларни жамлаш ва рақамлаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда халқаро маданий мулоқотни мустаҳкамлаш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, мақолада Марказнинг кўргазма майдони ҳажми бўйича Гиннесснинг рекордлар китобига дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи сифатида киритилгани, бу ерда ҳазрати Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) мусҳафи ва бошқа ноёб тарихий Қуръони карим қўлёзмалари сақланаётгани таъкидланган.
Мақолада Марказнинг замонавий меъморий ечими, рақамли кутубхонаси ва илмий-маърифий имкониятлари ҳам унинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини намоён этувчи муҳим жиҳатлар сифатида қайд этилган.
Ушбу мақоланинг Ўмоннинг маданий-маърифий нашрида эълон қилиниши Ўзбекистоннинг бой исломий мероси ва Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини халқаро аудиторияга етказиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.





