«Ҳайратланарли ғоянинг амалий ифодаси»: АҚШлик олим Ўзбекистон Президенти ташаббусини эътироф этди
«Бу — бутун дунё учун туҳфа!» — АҚШнинг Жон Хопкинс университети Халқаро илғор тадқиқотлар мактаби (SAIS) таклиф этилган профессори, Миллий манфаатлар маркази катта илмий ходими Эндрю Качинс Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига шундай баҳо берди.
АҚШнинг Жон Хопкинс университети Халқаро илғор тадқиқотлар мактаби (SAIS) таклиф этилган профессори, Миллий манфаатлар маркази катта илмий ходими Эндрю Качинс бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Америкалик экспертлар дастлаб Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказнинг музей экспозициялари, нодир тарихий артефактлари ва замонавий технологик имкониятлари билан танишди.
Айниқса, буюк алломаларнинг рақамли сиймолари билан интерактив мулоқот қилиш имконияти, экспозицияларнинг илмий мазмуни ва тарихий маълумотларни мультимедиавий воситалар орқали тақдим этиш усуллари меҳмонларда қизиқиш уйғотди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари ва Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ илмий муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар ташкил этиш, университетлар ва музейлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Марказнинг илмий лойиҳаларини халқаро аудиторияга таништириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Фирдавс Абдухолиқов давлат раҳбарининг Марказни ташкил этиш ғояси ва унинг стратегик мақсадларига тўхталиб, муассаса фаолияти тарихий экспонатларни намойиш этиш билан чекланмаслигини таъкидлади.
Марказда буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш, ноёб қўлёзмалар ва тарихий манбаларни тадқиқ этиш, уларни илмий муомалага киритиш ҳамда хорижий академик муассасалар билан алоқаларни мустаҳкамлаш устувор вазифалар қаторига кириши қайд этилди.
Мулоқотда ислом цивилизациясининг математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа ва бошқа фанлар ривожидаги ўрнини халқаро жамоатчиликка холис илмий манбалар асосида етказиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Шунингдек, исломнинг маърифий анъаналарини кенгроқ тушунтириш, диний стереотиплар ва исломофобияга қарши илмий-маърифий ёндашувларни ривожлантиришда университетлар, тадқиқот марказлари ва маданий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик аҳамияти муҳокама қилинди.
Учрашувда Марказий Осиё тарихи ва цивилизацияси бўйича тадқиқотлари билан танилган америкалик олим Фредерик Старрнинг илмий фаолияти ҳам тилга олинди. Делегация аъзолари унинг қаламига мансуб китобни ўзлари билан олиб келгани Ўзбекистон ва АҚШ илмий доиралари ўртасидаги мавжуд интеллектуал алоқаларни яна бир бор эслатди.
Эндрю Качинс, Жон Хопкинс университети Халқаро илғор тадқиқотлар мактаби профессори, Миллий манфаатлар маркази катта илмий ходими:
«Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу музейни барпо этиш ғояси ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Бундай улкан ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилганини кўриш — мен учун тарихий воқеага гувоҳ бўлиш билан баробар. Музей менда ниҳоятда кучли таассурот қолдирди. Бу ерда бўлиб, бугун Ўзбекистонда нақадар катта ўзгаришлар юз бераётганини чуқур ҳис қилдим.
АҚШдаги университетлар, илмий марказлар, музейлар, мусулмон жамоалари ва сайёҳлар билан алоқаларни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Мен ҳам бу имкониятларни кенгроқ тарғиб этиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.
Марказ Ўзбекистоннинг исломий анъаналари ва бой маърифий меросини асраб-авайлаш, уни бутун дунё билан баҳам кўришдек муҳим вазифани тўлақонли амалга оширмоқда. Бу — бутун дунё учун туҳфа!».
Ташриф якунида америкалик меҳмонларга Ислом цивилизацияси маркази номидан чекланган ададда зарб этилган эсдалик кумуш тангалар ҳамда китоблар тақдим этилди.





