Экспертлар гуруҳи: “Китобларни халқаро талаблар даражасида чоп этиш керак”
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида илмий-маърифий нашрларни тайёрлаш ва чоп этиш жараёни босқичма-босқич давом этмоқда. Навбатдаги эксперт комиссияси йиғилишида нашрга тайёрланаётган китобларнинг мазмуни, илмий савияси ва таҳрир сифати кўриб чиқилди. Муҳокамалар якунида 10 та китоб экспертлар экспертизасидан ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Гулнора Ғаниева, илмий котиб Рустам Жабборов, бош илмий ходим Зоҳидулло Мунавваров ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Унда жорий йил якунига қадар чоп этилиши режалаштирилган 100 дан ортиқ китобнинг нашрга тайёргарлик ҳолати муҳокама қилинди. Хусусан, «Ўзбекистон маданий мероси» туркумидаги 12 та жилд, дипломатик йўналишдаги 16 та китоб ҳамда «Қалбдан яралган дурдоналар» туркуми доирасида тайёрланаётган нашрлар атрофлича кўриб чиқилди.
«Ўзбекистон маданий мероси» туркумидаги китобларда Марказ экспозициясидан ўрин олган ноёб қўлёзмалар, тарихий артефактлар, хариталар ва бошқа маданий мерос намуналари ҳақида маълумотлар жамланган. Дипломатик йўналишдаги нашрларда эса Ўзбекистоннинг Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, араб мамлакатлари, Франция, Германия, Испания каби давлатлар билан тарихий ва маданий алоқалари, шунингдек, Марказ экспозициясида акс этган мазкур мамлакатларга оид ашё ва артефактлар ёритилади.
Шунингдек, «Қалбдан яралган дурдоналар» туркумидаги китоблар, жумладан, «Мозий излари» номли нашр ҳам муҳокама марказида бўлди.
Экспертлар китобларнинг илмий асосланганлиги, тарихий маълумотларнинг ишончлилиги, матнларнинг мазмунан изчиллиги, имло ва услубий жиҳатдан тўғри расмийлаштирилишига алоҳида эътибор қаратдилар. Нашрларнинг сифатини янада ошириш, таҳрир жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Қайд этиш жоизки, эксперт комиссияси фаолияти нашрларнинг илмий ва маърифий қийматини таъминлаш, уларни пухта таҳрир асосида китобхонларга тақдим этишга қаратилган. Бу жараён Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли илмий-маърифий нашрлар дастурининг муҳим босқичларидан биридир.
Шунингдек, экспертлар гуруҳи аъзолари китоблар савиясини халқаро талаблар даражасига етказиш хусусида ҳам фикр билдиришди.





