Янгиликлар

Мақоланинг тўлиқ матни, суратлар ва Марказнинг бошқа янгиликлари.

Олтин Ўрда даврига оид ноёб тилла белбоғ Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида

XIV асрга оид ушбу занжирли белбоғ Олтин Ўрда давридаги Марказий Осиё ва Каспий даштлари ҳудудида тараққий этган юксак заргарлик санъатини акс эттиради.

Белбоғ мураккаб тузилишга эга бўлиб, еттита йирик квадрат шаклдаги тилла элементдан ташкил топган, ҳар бирининг юқори қисмида пирамидасимон феруза тошлар жойлаштирилган. Уларнинг бештаси бугунги кунгача сақланиб қолган. Квадрат элементларнинг ён томонлари бўртма ўрама нақшлар билан безатилган.

Белбоғ композицияси занжир ҳалқалари ва маржонли жуфт цилиндрсимон бўлаклар орқали ўзаро боғланган. Маржонларнинг учларидаги тилла михлар уларни маҳкамлаш вазифасини бажарган.  

Артефактнинг икки четидаги квадрат элементлар кейинчалик, белбоғни кенгайтириш эҳтиёжи туфайли қўшилган. Бу ҳолат четки элементларнинг ўрта қисмдагиларидан фарқ қилишида намоён бўлади. Мазкур хусусият тарихий буюмнинг фойдаланиш жараёнида қайта ишлангани ва такомиллаштирилганидан далолат беради.

Бундай нодир артефактлар, одатда, жамиятнинг юқори табақаси — зодагонлар ва ҳукмрон доиралар вакиллари учун тайёрланган. Шу боис улар нафақат моддий бойлик, балки ижтимоий мавқе, ҳокимият ва эстетик диднинг ҳам рамзи ҳисобланган.

Бугунги кунда шу каби тарихий артефактлар ўтмиш цивилизациясидаги иқтисодий ҳаёт, савдо йўллари, маданий алоқалар, ижтимоий тузум ва амалий санъат тараққиётини ўрганишда муҳим манба вазифасини ўтайди.