ЮНЕСКО Ўзбекистон президенти ташaббусини бир овoздан қўллаб-қувватлади
Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилишга қаратилган халқаро ташаббуси ЮНЕСКО Ижроия кенгаши томонидан бир овоздан маъқулланди. Бу мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий меросни асраш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг муҳим эътирофидир.
Мазкур қарор ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 225-сессияси доирасида Париждаги штаб-квартирада қабул қилинди. Ташаббус Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясида илгари сурилган эди.
Ташаббус иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва глобаллашув таъсирида маданий мерос объектларига юзага келаётган таҳдидларнинг олдини олиш, уларни муҳофаза қилишда давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, 2027 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО иштирокида халқаро симпозиум ўтказилади. Унда маданий мерос объектларини асраш, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва анъанавий билимларни келажак авлодларга етказиш масалалари муҳокама қилинади. Ўзбекистон ташаббусини ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат, жумладан, Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон қўллаб-қувватлади. Маданий меросни асраш нафақат ўтмишни муҳофаза қилиш, балки инсониятнинг умумий маънавий бойлигини келажак авлодларга етказиш демакдир.





