Ўзбекистонда нодир қўлёзмалар асосида тайёрланган еттита тарихий асар жамоатчиликка таништирилди
XIV асрда Орол денгизи ва коинот ҳақида қандай тасаввурлар мавжуд бўлган? Марказий Осиё ҳукмдорларининг фармонларида фуқаролар ҳуқуқи ва мол-мулк дахлсизлиги қандай ёритилган? Ўтмиш шоирларининг асарларини асл мазмунини сақлаган ҳолда бугунги китобхонга қандай етказиш мумкин? Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида тақдим этилган янги маърифий китоблар ана шундай саволларга тарихий манбалар асосида жавоб излаш имконини беради. Марказ томонидан тайёрланган ушбу нашрлар адабиёт, ақида, давлатчилик тарихи, космография ва табиатшуносликка оид ёзма меросни илмий ўрганиш, таржима ва табдил қилиш ишларининг амалий натижаси сифатида жамоатчиликка таништирилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида буюк алломалар ва мутафаккирлар меросини тадқиқ этиш, тарихий қўлёзмаларни илмий муомалага киритиш ва уларни кенг китобхонлар оммасига етказишга қаратилган 7 та китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда мумтоз адабиёт, ислом ақидаси, Марказий Осиё давлатчилиги ва ҳуқуқ тарихи, ўрта асрлар географияси ҳамда табиатшуносликка оид асарлар таништирилди.
Тақдимотда Шермуҳаммад Жиззахий Урғулий Ғозийнинг “Девони Маҳзун”, Муҳаммад Юсуф ибн Ҳожи Муҳаммад Ёқуб Тошкандий қаламига мансуб “Даҳрун Нажот”, Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафийнинг “Аҳли сунна вал жамоа ақидаси”, Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорийнинг “Марказий Осиё ҳукмдорларининг ёрлиқлари”, Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ад-Дамашқийнинг “Қуруқлик ва денгиз ажойиботлари борасида замонанинг сайланмаси”, Али Қушчи ўғли қози Абдураҳмоннинг “Равнақи бўстон”, асарлари ва Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг “Бухоро зиёратгоҳларининг одоблари” номли тарихий рисоласи ҳақида маълумот берилди.
Марказ директори ўринбосари Гулнора Ғаниева тадбирни кириш сўзи билан очди. Дастур доирасида «Мен» номли ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.
Тақдимотнинг асосий эътибори китобларнинг мазмуни билан бир қаторда, уларни тайёрлаш учун олиб борилган манбашунослик изланишлари, тарихий матнларни ўқиш, таржима ва табдил қилиш ҳамда илмий изоҳлар билан бойитиш жараёнларига қаратилди.
«Девони Маҳзун»: тарихий матнни ўзгартирмасдан, замонавий китобхонга етказиш
Марказ илмий ходими Абдурасул Яхшибоев Шермуҳаммад Жиззахий Урғулий Ғозийнинг «Девони Маҳзун» асари, унинг яратилиш тарихи ва адабий аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Шермуҳаммад Жиззахий Урғулий Ғозий Жиззах воҳасида яшаб ижод қилган, диний ва дунёвий билимларни эгаллаган ижодкорлардан бири бўлган. Унинг ғазаллари ва маънавий-ахлоқий мазмундаги асарлари минтақа адабий муҳитини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.
Тақдимотда қайд этилишича, девонда Алишер Навоий ва Машраб ижоди билан боғлиқ адабий таъсирлар, муаллифнинг дунёқараши ҳамда ҳаётига оид маълумотлар мавжуд.
Асарни нашрга тайёрлашда тарихий матннинг аслий мазмунини сақлашга алоҳида эътибор берилган. Эски ўзбек ёзувига хос сўз ва иборалар, шунингдек, араб ва форс тилларидан ўзлашган тушунчалар учун изоҳли луғатлар тайёрланган.
Абдурасул Яхшибоев, Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими:
Президентимиз Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш жараёнидаёқ аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, уларни авайлаб-асраб, бутунлигича халқимизга етказиш, таржима ва табдил қилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаганлар. Бугунги кунда Марказимизда амалга оширилаётган илмий ишлар, хусусан, қўлёзма китобларни ўрганиш ва нашрга тайёрлаш жараёнлари ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир. “Девони Маҳзун” ҳам ана шундай изланишлар натижасида ўрганилган асарлардан бири. Асарни табдил қилиш жараёнида унинг мазмунини сақлаб қолишга, муаллиф баён этган фикрларни ўзгартирмасдан, замонавий ўқувчига тушунарли шаклда етказишга ҳаракат қилдик. Биз бу китобни халқимизга, тадқиқотчиларимизга тушунарли бўлиши учун тайёрлашга алоҳида эътибор қаратдик. Муаллифнинг асл матни қандай бўлса, шу ҳолатда сақланди, унинг мазмунига ўзгартириш киритилмади. Фақат ўқувчига тушуниш осон бўлиши учун арабча ва форсча сўзларга изоҳлар, луғавий тушунтиришлар берилди. Зеро, бизнинг мақсадимиз нафақат асарни нашр қилиш, балки ундаги илмий ва маънавий мазмунни кейинги авлодга ҳам тўлиқ етказишдир.
Шунингдек, Муҳаммад Юсуф ибн Ҳожи Муҳаммад Ёқуб Тошкандий қаламига мансуб “Даҳрун Нажот” асари ҳам тақдимотдан ўрин олди. Мазкур асарда Пайғамбарларга алоқадор бўлган машҳур ибратли қиссалар билан бир қаторда шеърият мулкининг султони Ҳазрат Алишер Навоий ва бошқаларнинг тарбиявий аҳамиятга молик бўлган байтларидан парчалар келтириб ўтилган.
Ҳадисларнинг мазмун-моҳияти уламоларнинг ҳикматли сўзлари ва ҳаётий мисоллар билан очиб берилган. Китобда одоб ахлоқ, инсонийликка хос сифатлар, мусулмон кишида топилиши зарур бўлган гўзал хулқларга оид тўқсон тўққиз саволга тўқсон тўққиз жавоб, яъни савол-жавоб услубида шарҳ қилинган. Китобхон мутолаа қилаётганида тушунарсиз ибораларга дуч келмаслиги учун баъзи сўзларга шарҳлар берилган. Эътиборли томони назмда келтирилган ушбу маълумотларда уларнинг маъно ва мазмунлари батафсил ёритиб берилган. Хусусан, инсонлар ўртасида аҳил-иноқлик, инсоний гўзал сифатларни қарор топтириш, ватанни севиш, бирга яшаётган жамият вакиллари билан доимо бир оила аъзолари каби ҳаёт кечириш, маънавий қалб касалликлардан воз кечиш, мақталган сифатлар билан безаниш каби муҳим масалалар ҳақида сўз юритилади.
Марказий Осиё ҳукмдорларининг ёрлиқлари: давлатчилик ва ҳуқуқ тарихининг ёзма далиллари
Тақдимотнинг муҳим мавзуларидан бири Марказий Осиё давлатчилиги ва ҳуқуқий муносабатлар тарихига бағишланди.
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Насриддин Мирзаев «Марказий Осиё ҳукмдорларининг ёрлиқлари» китоби ҳақида сўз юритиб, султонлар, амирлар ва хонлар томонидан чиқарилган фармон ҳамда ёрлиқлар давлат бошқарувининг амалий механизмларини ўрганиш учун муҳим тарихий ҳужжатлар эканини таъкидлади.
Унинг маълум қилишича, тарихий архивлар, қўлёзма фондлари ва турли тўпламларда минтақадаги ҳукмдорларга оид кўплаб фармонлар сақланиб қолган.
Бундай ҳужжатлар муайян даврдаги давлат бошқаруви, мулкий муносабатлар, ҳуқуқий имтиёзлар ва аҳоли билан ҳокимият ўртасидаги муносабатлар ҳақида маълумот беради.
Насриддин Мирзаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
Бугун тақдимоти ўтказилаётган “Марказий Осиё ҳукмдорларининг ёрлиқлари” китобимиз асосан Марказий Осиё давлатчилик тарихи, суд-ҳуқуқ тизимимиз ва умуман, ҳуқуқий тафаккуримиз тарихига оид аждодларимиздан қолган энг ноёб ёзма меросни оммага эълон қилиш мақсадида тайёрланди. Ўлкамизда суд-ҳуқуқ тизимининг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади. Бизгача султон, амир, хон ва бошқа ҳукмдорларнинг минглаб ёрлиқ ва фармонлари турли фондлар, архивлар ҳамда қўлёзмалар марказларида сақланиб қолган. Ушбу ҳужжатларни ўрганиш орқали аждодларимизнинг давлат бошқаруви, ҳуқуқий муносабатлар ва инсон манфаатларига бўлган ёндашувини англаш мумкин. Китобхон бу манбалар билан танишар экан, тарихимизда инсон қадри, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мол-мулки дахлсизлигини таъминлаш давлат бошқарувининг муҳим масалаларидан бири бўлганини кўради. Масалан, Субҳонқулихон, Бухоро амири Ҳайдар ёки Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Баҳодирхон томонидан чиқарилган ҳужжатларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, мол-мулкини ҳимоя қилиш, уларнинг манфаатларига зарар етказилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш масалалари акс этган. Шу жиҳатдан мазкур китобни нафақат тарихий манба, балки бугунги ҳуқуқий онгимизни оширишга хизмат қилувчи муҳим нашр сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Олимнинг маълум қилишича, «Марказий Осиё ҳукмдорларининг ёрлиқлари» илк бор яхлит нашр шаклида тақдим этилмоқда. Китобда ҳужжатларнинг асл нусхалари, матн ўқилиши ва ўзбек тилидаги таржималари жамланган. Бу жиҳат нашрдан тарихчилар, ҳуқуқшунослар ва манбашуносларнинг фойдаланиши учун муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, олим Марказ томонидан тайёрланган Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг “Бухоро зиёратгоҳларининг одоблари” номли тарихий рисола ҳақида ҳам маълумот берди. Асар муаллифи Темур ва Темурийлар даврида яшаб ижод қилган. Мазкур асар “Муллозода” номи билан ҳам машҳур. Бугунги кунга қадар мутахассислар томонидан унинг дунё бўйича 200 дан зиёд қўлёзма нусхаси аниқланган. Биз ҳам Марказимиз фондида сақланаётган, давлат реестрига киритилган нусха асосида нашрга тайёрланган.
Ушбу китоб, айниқса, зиёрат туризми йўналишида жуда муҳим ва фойдали қўлланма бўла олади. Чунки унда Бухоро зиёратгоҳлари, уларни зиёрат қилиш одоблари ҳақида маълумотлар берилган. Асарни тайёрлаш жараёнида асл манбада келтирилган араб тилидаги дуоларнинг матни, замонавий ўқилиши ҳамда ўзбек тилидаги таржимасини биргаликда беришга ҳаракат қилдик. Бу эса тадқиқотчилар, зиёратчилар ва оддий китобхонлар учун ҳам асардан фойдаланишни анча қулайлаштиради.
XIV асрда Орол денгизи ва коинот ҳақида нималар маълум бўлган?
Тақдимотда алоҳида қизиқиш уйғотган асарлардан яна бири Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ад-Дамашқий қаламига мансуб «Қуруқлик ва денгиз ажойиботлари борасида замонанинг сайланмаси» бўлди.
Марказ илмий ходими Равшан Худойберганов мазкур асар космографияга оид эканини, унда ўрта асрларда коинот, Ер, табиат ва география ҳақида шаклланган тасаввурлар акс этганини таъкидлади.
Унинг фикрича, бундай тарихий манбаларни ўрганиш бугунги илм-фан ютуқларини ўтмишдаги билимлар билан қиёслаш, илмий тафаккурнинг ривожланиш босқичларини англаш имконини беради.
Равшан Худойберганов, Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими:
«Бу асар космографияга оид бўлиб, унда коинот ва Ер ҳақидаги билимлар жамланган. Уни нашрга тайёрлашдан кўзланган мақсадлардан бири XIV асрда инсонларнинг дунё, коинот ва табиат ҳақидаги тасаввурлари қандай бўлганини кўрсатишдир. Бугун биз Ер ва коинот ҳақида жуда кўп маълумотларга эгамиз. Аммо бу билимларга эришиш учун инсоният узоқ тарихий босқичларни босиб ўтган, кўплаб кашфиётлар амалга оширилган. Ҳар бир даврнинг ўзига хос илмий қарашлари ва тафаккур даражаси бўлган. Мазкур асар эса айнан XIV асрдаги ана шу билимлар ҳақида умумлаштирувчи маълумот берадиган муҳим манбадир.
Асарнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда бизнинг ўлкамиз билан боғлиқ маълумотлар ҳам мавжуд. Жумладан, муаллиф денгизлар ва сувликлар ҳақида сўз юритар экан, Орол денгизи, Орол кўли ҳақида маълумотлар келтиради. Шунингдек, Оролбўйи ҳудудида яшаган туркий халқлар ҳақида ҳам қизиқарли қайдлар бор. Биз китобни таржима қилишда айнан шу маълумотларга ҳам алоҳида эътибор қаратдик».
Тадқиқотчининг айтишича, асарни нашрга тайёрлаш жараёнида Ислом цивилизацияси маркази фондида 73-тартиб рақами билан сақланаётган қўлёзмадан ҳам фойдаланилган.
Равшан Худойберганов олиб борилган изланишларга таяниб, мазкур асарнинг Ўзбекистондаги ягона маълум қўлёзма нусхаси Марказ фондида сақланаётганини билдирди.
Унинг маълум қилишича, ушбу асар XIX асрда Европада нашр қилинган ва кейинчалик хорижий тадқиқотчилар томонидан ҳам ўрганилган.
Китобнинг яна бир ўзига хослиги унинг Шарқ адабиётидаги «ажойибот» жанрига мансублигидир. Бундай асарларда географик маълумотлар, табиат ҳодисалари, тарихий кузатишлар ва ўша давр кишиларининг олам ҳақидаги тасаввурлари бирлашади.
Шу сабабли мазкур манба фақат ўрта асрлар географиясини эмас, балки илм тарихи, адабий жанрлар ва жамиятнинг дунёқарашини тадқиқ этишда ҳам аҳамиятли.
Марказ мутахассислари ушбу нашр орқали «ажойибот» жанрига оид тарихий манбаларни кенгроқ илмий муомалага киритиш ва уларга тадқиқотчилар эътиборини қаратишни мақсад қилган.
Тақдимотда Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафийнинг «Аҳли сунна вал жамоа ақидаси» асари ҳам жамоатчиликка таништирилди.
Мазкур китобда аҳли суннат ва жамоат ақидасининг асосий тамойиллари баён этилган. Унинг ўзбек тилида тақдим этилиши диний-маърифий билимларни илмий манбалар асосида ўрганишга қизиқувчилар учун муҳим аҳамиятга эга.
Асар, шунингдек, Марказий Осиёда шаклланган диний-илмий анъаналар, ақидавий қарашлар ва уларнинг тарихий ривожланишини ўрганишда қимматли манбалардан бири ҳисобланади.
Али Қушчи ўғли қози Абдураҳмоннинг «Равнақи бўстон» асари эса бошқа йўналиш — боғдорчилик ва табиатшуносликка оид маълумотлари билан эътиборга молик. Тақдимотда Марказ илмий ходими Алимардон Ҳайитов мазкур асарнинг мазмуни, муаллифнинг илмий қизиқишлари ва унда фойдаланилган манбалар хусусида маълумот берди.
Мазкур “Равнақи бўстон” китоби юртимиздан етишиб чиққан олимлардан бири Али Қушчининг ўғли Қози Абдураҳмонга қаламига мансуб бўлиб, олти асосий бўлимдан ташкил топган асарда тупроқ турлари ва хусусиятлари, дарахт экиш вақтлари, усуллари, ой нури ва юлдузлар ёғдусининг экиш жараёнига таъсири, буташ ва пайвандлаш усуллари, сабзавот ва меваларнинг ҳар хил касалликларга шифобахшлиги, полиз экинлари ва гулларни етиштириш, уларни ўғитлаш тартиби, меваларни териш, тўплаш ва сақлаш ҳақида батафсил сўз юритилган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Туркиянинг Анадолу шаҳрида қишлоқ хўжалиги, хусусан, боғдорчилик соҳасида ёзилган энг қадимги туркий асар ҳисобланади. Бу борада ёзилган асарларнинг камлиги инобатга олинса, “Равнақи бўстон” янада катта аҳамият касб этади.
«Равнақи бўстон» каби тарихий асарларни ўрганиш минтақада табиат, ўсимликлар ва амалий билимларга оид қарашларнинг шаклланиши ҳақидаги тасаввурларни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Шу тариқа, тақдим этилган илмий маърифий китоблар бир-биридан мавзуси билан фарқ қилса-да, уларни умумий илмий вазифа бирлаштиради: тарихий манбаларни замонавий тадқиқот усуллари асосида ўрганиш ва уларнинг мазмунини китобхонларга етказиш.
Икки мингдан зиёд манба: янги нашрлар учун илмий асос
Мазкур китоблар тақдимотидан кўринадики, Ислом цивилизацияси марказида қўлёзма ва тошбосма манбаларни тадқиқ этиш, уларни таржима ва табдил қилиш, илмий изоҳлар билан бойитиш ҳамда нашрга тайёрлаш ишлари қизғин олиб бориляпти.
Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, Марказ фондида икки мингдан зиёд қўлёзма, тошбосма ва архив ҳужжатлари сақланмоқда.
Бу манбалар адабиёт, тарих, фалсафа, ҳуқуқ, диний илмлар, табиатшунослик ва бошқа соҳаларга оид тадқиқотлар учун муҳим имконият яратади.
Бироқ тарихий қўлёзмани нашр этиш унинг матнини китоб шаклига келтириш билангина чекланмайди. Бундай жараён манбанинг келиб чиқиши ва даврини аниқлаш, мавжуд нусхаларни қиёслаш, матнни илмий ўқиш, зарур изоҳлар тайёрлаш ва таржима аниқлигини таъминлаш каби босқичларни ўз ичига олади.
«Девони Маҳзун»да мумтоз адабий матнни асраш ва тушунтиришга, «Марказий Осиё ҳукмдорларининг ёрлиқлари»да тарихий ҳуқуқий ҳужжатларни жамлаш ва таржима қилишга, ад-Дамашқий асарида эса ўрта асрлар илм-фанига оид маълумотларни қайта тадқиқ этишга эътибор қаратилган.
Ушбу тақдим этилган нашрлар Ислом цивилизацияси марказидаги нашриёт фаолиятининг муҳим йўналишини намоён этди: яъни асрлар давомида сақланган қўлёзмаларни фақат музей ва архив фондларида асраш эмас, балки уларни янги илмий тадқиқотлар, замонавий нашрлар ва кенг китобхонлар аудиторияси учун фойдаланиш мумкин бўлган билим манбаига айлантириш жараёни фаол олиб борилмоқда.
Тақдим этилган нашрлар эса миллий ёзма мероснинг адабиётдан ҳуқуққа, ақидадан космографиягача бўлган турли қирраларини ўрганиш учун янги имкониятлар очади.





