ЖСТ вакиллари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистоннинг илмий меросини эътироф этди
Буюк Ипак йўлининг жаҳон тараққиётидаги ўрни, алгебра илмининг ривожланиши ва «алгоритм» атамасининг тарихий илдизлари — Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳ раиси Сунг-ё Чой ҳамда ЖСТ Котибияти Аъзолик бўлинмаси директори Майка Ошикаванинг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида алоҳида қизиқиш уйғотган мавзулар бўлди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳ раиси Сунг-ё Чой ва ЖСТ Котибияти Аъзолик бўлинмаси директори Майка Ошикава Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Сунг-ё Чой, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳи раиси:
«Бу ерда ислом маданиятининг нақадар ранг-баранглиги ва ушбу цивилизациянинг ниҳоятда бой маданий мероси билан танишиш менда катта таассурот қолдирди. Ипак йўлининг инсоният тараққиётида, хусусан, алгебра илмининг ривожланишида муҳим ўрин тутгани, “алгоритм” атамасининг келиб чиқиши билан боғлиқлигини билиб, ҳайратландим. Аввал бу ҳақда бундай маълумотга эга эмасдим. Менимча, бундай Марказ ёшларга ўз маданияти, миллий ўзлиги ва аждодларининг тарихий илдизларини чуқурроқ англаш имконини беради. Бу уларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, тарихий хотирасини мустаҳкамлашда жуда муҳим».
Майка Ошикава, ЖСТ Котибияти Аъзолик бўлинмаси директори:
«Экспозицияларнинг сифати, маълумотларнинг қулай ва осон тушуниладиган тарзда тақдим этилгани мени ниҳоятда ҳайратлантирди. Бу ердаги ҳар бир ечим инсонда янада кўпроқ билиш ва ўрганиш истагини уйғотади. Ўзбекистон ҳақидаги билимларим аввал унчалик кўп эмас эди. Аммо Марказ билан танишиш давомида мамлакатингизнинг нақадар бой тарихга эга эканини, бу заминда қанчадан-қанча муҳим воқеалар кечганини ва жаҳонга тақдим этадиган улкан мероси борлигини англадим. Ўзбекистоннинг кўплаб цивилизациялар чорраҳасида жойлашгани унинг тарихий ва маданий аҳамиятини янада яққол намоён этади».
Ташриф якунида меҳмонларни Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кузатиб, улар билан қисқа мулоқот ўтказди. Делегация аъзоларига Марказ номидан эсдалик совғалари топширилди.





