Қатарнинг етакчи газетаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Ўмонга ташрифи ҳақида ёзди
Қатар Давлатининг Доҳа шаҳрида нашр этиладиган мамлакатдаги етакчи инглиз тилидаги кундалик газеталардан бири — The Peninsula нашрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Ўмон Султонлигига амалий ташрифи ҳақида мақола эълон қилинди.
Унда Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раҳбарияти билан учрашуви, тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмаларни сақлаш, реставрация қилиш ҳамда рақамлаштириш борасидаги тажриба алмашинуви ёритилган.
Шунингдек, мақолада икки мамлакат ўртасидаги илмий, маданий ва тарихий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар ва халқаро конференциялар ташкил этиш, архив меросини муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар малакасини ошириш масалаларига эътибор қаратилган.
Нашрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва маърифий ташаббусларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам алоҳида эътироф этилган.
Мазкур мақоланинг Қатарнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларидан бири бўлган The Peninsula газетасида чоп этилиши Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳамда миллий ва умуминсоний меросни дунёга танитиш борасидаги ишларга хорижий матбуот эътибори ортиб бораётганини кўрсатади.





