Al Roya: "Маскат шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва унинг тарихий меросига бағишланган тақдимот ўтказилади"
Ўмон Султонлигининг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири — «Ар-Руъя» (Al Roya) газетасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва унинг бой тарихий меросига бағишланган тақдимот ҳақида мақола эълон қилинди. Унда Масқат шаҳридаги Султон Қобус номидаги Буюк масжидда «Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий алоқалар» мавзусида ўтказиладиган тадбир, марказнинг илмий-маърифий аҳамияти, ноёб тарихий экспонатлари, Ҳазрати Усмон мусҳафи ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги кутубхона ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, нашрда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий-маданий ҳамкорлик алоқалари, Ислом цивилизацияси марказининг жаҳон илм-фани ва маданияти меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилган.
Султон Қобус номидаги Буюк масжиднинг маърузалар залида «Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий алоқалар» мавзусида «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази»га бағишланган тақдимот бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистоннинг бой исломий мероси, мамлакатнинг тарихий ўрни ҳамда инсоният цивилизацияси тараққиётига қўшган салмоқли ҳиссасини кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Мазкур тақдимот Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Элчихонаси томонидан ташкил этилмоқда. Унда Ўмон Султонлиги кўмагида барпо этилган «Абу Райҳон Беруний кутубхонаси» ҳақида махсус маъруза ҳам ўрин олган. Бу икки мамлакат ўртасидаги чуқур тарихий ва маданий алоқалар, билим-маърифат ҳамда цивилизациявий меросни асраб-авайлаш соҳаларидаги ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир.
Тошкент шаҳридаги тарихий «Ҳазрати Имом» мажмуаси ёнида жойлашган Ислом цивилизацияси маркази Марказий Осиё ва ислом оламидаги энг йирик маданий-илмий масканлардан бири ҳисобланади. Қарийб 10 гектар майдонни эгаллаган марказ замонавий ислом меъморчилиги услубида барпо этилган.
Марказнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг тарихий ва илмий салоҳиятини намоён этиш, цивилизациявий хотирани тиклаш, маданий меросни ҳужжатлаштириш, ноёб қўлёзмаларни жамлаш ва архивлаштириш, шунингдек, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқлар ўртасида маданий мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат.
Марказ экспозициясидан ноёб тарихий ашёлар ўрин олган. Жумладан, ҳазрати Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) мусҳафи учун махсус зал ташкил этилган. Шунингдек, бу ерда турли Қуръони карим нусхалари ва тарихий қўлёзмалар тўплами, тадқиқотчилар ва олимлар фойдаланиши учун ўн минглаб қўлёзмалар ҳамда илмий асарларни ўз ичига олган рақамли кутубхона мавжуд.
Ислом цивилизацияси маркази кўргазма майдони ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи сифатида Гиннесс рекордлари китобига киритилган. Шунингдек, марказ юзлаб машҳур илмий ва тарихий шахсларнинг меросини ҳужжатлаштиришга ҳисса қўшмоқда. Унинг феруза ранг гумбази ва ўзига хос меъморий ечими эса Ўзбекистондаги замонавий маданий юксалишнинг ёрқин рамзларидан бири ҳисобланади.





