Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Ислом цивилизацияси марказининг салоҳиятини эътироф этди
«Мен жуда кўп мамлакатларда бўлганман. Аммо бу маскан ҳаётим давомида кўрган энг гўзал жойларимдан бири бўлди», — деди Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Жақип Асанов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи ҳақида тассуротларини билдираркан. Унинг фикрича, мазкур маскан халқаро сайёҳлар қизиқишини ошириш ва Марказий Осиёнинг маданий-туристик салоҳиятини кенгроқ танитиш учун муҳим имконият яратади.
Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Жақип Асанов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг музей экспозициялари, нодир тарихий қўлёзмалари ва илмий-маърифий имкониятлари билан танишди.
Жақип Асанов, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси:
«Мен жуда кўп мамлакатларда бўлганман. Аммо бу маскан ҳаётим давомида кўрган энг гўзал жойларимдан бири бўлди. Бу ердаги ҳар бир жиҳат ҳайратланарли. Марказ Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш, буюк цивилизация меросини англаш учун ноёб имконият яратади.
Бутун ўзбек халқини ва мамлакат раҳбариятини бундай улкан лойиҳа билан самимий табриклайман. Ишончим комилки, бу маскан дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳларни жалб этиб, кўплаб инсонларга Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий салоҳиятини янгича кашф этиш имконини беради.
Бугун бутун дунё эътибори Марказий Осиёга қаратилгани бежиз эмас. Минтақа, хусусан, Ўзбекистон улкан салоҳиятга эга. Бундай лойиҳалар эса туризм ривожига ҳам катта туртки беради.
Марказ ҳақида аввал ҳам эшитган эдим, аммо унинг бунчалик гўзал ва таъсирчан эканини тасаввур қилмаганман. Бу ердаги ҳар бир экспозиция буюк тарих, қудратли цивилизация ва бугунги янги Ўзбекистон ҳақида сўзлайди».





