Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Бобурийлар даври заргарлик санъати намунаси
Ҳиндистон заргарлик санъатининг нафис намунаси бўлган ушбу маржонли тақинчоқ ва сирғалар тўплами XIX аср охирига мансуб бўлиб, Бобурийлар даври бадиий анъаналари ва ҳашаматли безак услубини ўзида мужассам этган.
Тўплам маржонли безак ва бир жуфт сирғадан иборат. Тақинчоқ 15 та элементдан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳар бири олмослар билан гул шаклида безатилган. Қизил эмалли гулбарглар нуқтасимон яшил эмал фонида ўзига хос композиция ҳосил қилади. Унинг қуйи қисми ёқутлар, майда марваридлар ва қизил мунчоқлардан иборат шокилалар билан безатилган.
Тақинчоқнинг орқа томони ҳам алоҳида эътиборга молик. Қаймоқранг фонда қизил ва яшил гул нақшлари билан ишланган нафис эмал безаклари уни икки томонлама тақиш имконини беради. Сирғалар эса олмослар ва эмал билан безатилган, гумбазсимон осма шаклига эга. У Бобурийлар даври заргарлик анъаналарини ўзида акс эттирган. Тақинчоқ олмос, ёқут ва рангли металлдан ишланган. Унинг айлана узунлиги 37,4 сантиметр, тўпламнинг умумий вазни 179,3 граммни ташкил этади.
XIX аср охири — XX аср бошларида Ҳиндистон заргарлик санъати анъанавий услубларни сақлаган ҳолда Европа бадиий таъсирлари билан ҳам бойиб борган. Ражастан, Гужарат ва бошқа ҳудудларда қимматбаҳо тошлар ҳамда эмал билан безаш санъати юксак даражада ривожланган.
Бундай бежирим тақинчоқлар, асосан, зодагонлар, бадавлат савдогарлар ва жамиятнинг юқори табақаси вакиллари учун яратилган. Улар нафақат гўзаллик ва нафосат тимсоли, балки бойлик, ижтимоий мавқе ва оилавий мерос рамзи ҳам ҳисобланган.
Мазкур нодир заргарлик тўплами Ҳиндистоннинг бой маданий мероси, анъанавий заргарлик мактаблари ва асрлар давомида шаклланган бадиий маҳоратини намоён этади.





