Германия нашрида Ислом цивилизацияси маркази ҳақида гапирилди
Германиянинг саёҳат ва туризм соҳасига ихтисослашган нуфузли “TRAVELBOOK” онлайн-журналида «Нима учун албатта Тошкентга ташриф буюриш керак?» (“Warum sich ein Besuch in Usbekistans Taschkent lohnt”) сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Мақола муаллифи Лена Браун Ўзбекистон пойтахтини бой тарихий мероси, қадимий шарқона анъаналари, замонавий архитектураси, миллий таомлари ва ўзига хос ҳаёт тарзи билан ажралиб турадиган бетакрор шаҳар сифатида тасвирлайди.
Нашрда Тошкентнинг сайёҳлик салоҳияти, унинг тарихий ва маданий қиёфаси, меҳмонларга тақдим этадиган ўзига хос таассуротлари ҳақида сўз юритилади. Муаллиф ўқувчиларни пойтахтнинг муҳим тарихий ва диний масканлари, жумладан, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳамда Кўкалдош мадрасаси билан таништиради.
Мақолада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам алоҳида эътибор марказида. Жорий йил март ойида очилган мазкур улкан мажмуа мамлакатнинг бой илмий-маърифий ва маданий меросини намоён этувчи, тарих ва замонавийликни ўзида уйғунлаштирган муҳим маскан сифатида тилга олинади.
Мақола муаллифи марказни Тошкентнинг сайёҳлик йўналишидаги диққатга сазовор янги манзилларидан бири сифатида эътироф этиб, унинг пойтахтнинг тарихий ва замонавий қиёфасини англашдаги аҳамиятига эътибор қаратади.





