Тожикистон Республикаси парламенти раиси Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Миллий мажлиси Раиси, Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур йирик илмий-маърифий мажмуа халқимизнинг бой илмий, маънавий ва маданий меросини асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказнинг асосий экспозиция заллари, ноёб тарихий қўлёзмалар, қадимий китоблар, археологик топилмалар ва буюк алломаларимиз ҳаёти ҳамда илмий меросига бағишланган экспозициялар билан танишди. Шунингдек, аждодларимизнинг жаҳон илм-фани, маданияти ва цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини намоён этувчи интерактив ва замонавий мультимедиа ечимларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида меҳмонлар дастлаб Марказнинг Буюк сиймолар галереяси билан танишди. Унда Мовароуннаҳрда етишиб чиққан, жаҳон илм-фани, маданияти ва цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар ҳаёти, илмий фаолияти ҳамда бой мероси ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, тарихий шахсларнинг илмий кашфиётлари, асарлари ва инсоният тафаккури ривожига қўшган ҳиссаси замонавий мультимедиа технологиялари орқали намоён этилган.
Шундан сўнг делегация аъзолари Исломдан аввалги давр цивилизациялари зали экспозициясини кўздан кечирди. Ушбу залда Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган цивилизациялар, аждодларимизнинг турмуш тарзи, маданияти, ҳунармандчилиги ва маънавий қарашларини акс эттирувчи тарихий ашёлар ҳамда экспонатлар билан танишиш имкони яратилди.
Меҳмонлар ташрифининг кейинги манзили Қуръони карим зали бўлди. Бу ерда делегацияга муқаддас китобнинг ислом олами тарихидаги ўрни, унинг асрлар давомида сақланиб келаётган ноёб қўлёзма нусхалари, хусусан, Усмон мусҳафининг тарихи ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Залда жамланган нодир қўлёзмалар ва Қуръони карим нусхалари ислом маданияти ва хаттотлик санъатининг юксак намуналари сифатида намоён этилган.
Делегация аъзолари Марказнинг бой тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини очиб бериш, шунингдек, илмий-маърифий қадриятларни халқаро ҳамжамиятга етказиш борасидаги фаолияти билан яқиндан танишиб, мажмуа фаолиятига юксак баҳо берди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги тарихий-маданий ва маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, муштарак меросни ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.





