Ўмоннинг «Oman Daily» газетасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида мақола эълон қилинди
Ўмон Султонлигининг нуфузли «Oman Daily» газетасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва икки мамлакат ўртасидаги маданий-илмий ҳамкорлик истиқболларига бағишланган мақола чоп этилди.
«Ўмон-Ўзбекистон маданий муносабатларига бағишланган анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдим этилди» сарлавҳали мақолада мазкур марказнинг ислом цивилизациясининг бой тарихий, маънавий ва илмий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишдаги ўрни алоҳида ёритилган.
Нашрда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги элчихонаси томонидан ташкил этилган, Ўмон Султонлиги Вақф ва диний ишлар вазири доктор Муҳаммад бин Саид ал-Маамарий ҳомийлигида ўтказилган анжуман ҳақида маълумот берилган. Тадбир Султон Қобус номидаги Буюк масжиднинг маърузалар залида бўлиб ўтган.
Мақолада анжуман доирасида Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, экспозициялари ва ноёб коллекцияларига бағишланган видеотақдимот намойиш этилгани қайд этилган. Шунингдек, марказнинг ислом цивилизацияси меросини ҳужжатлаштириш, буюк аждодларимизнинг илмий ва интеллектуал ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги фаолиятига эътибор қаратилган.
Нашрда икки мамлакат вакиллари иштирокидаги муҳокамаларда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган тарихий ҳиссаси, исломий мерос ва қадимий қўлёзмаларни асраб-авайлаш, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўтарилгани ҳам таъкидланган.
Шунингдек, Ўмон Султонлигининг тинч-тотув яшаш ва бағрикенглик қадриятларини мустаҳкамлаш борасидаги тажрибаси, икки мамлакат ўртасида маданий ва илмий алоқаларни янада кенгайтиришда ўзаро билим ва тажриба алмашишнинг аҳамияти ёритилган.
Мазкур мақоланинг Ўмоннинг «Oman Daily» каби оммавий ахборот воситасида эълон қилиниши Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, мамлакатимизнинг бой илмий-маънавий мероси ва халқаро маданий мулоқотни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг хорижий аудиторияга етказилишига хизмат қилади.





