Абдусалом Хатамов: «Ислом цивилизацияси мероси турли мамлакатлар олимлари ва тадқиқотчиларини бирлаштириши керак»
Маскат шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов маълум қилди. У ислом цивилизациясининг муштарак интеллектуал меросини ўрганишга ўмонлик олимлар, университетлар ва илмий муассасаларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов:
«Ислом цивилизацияси мероси давлат чегараларини билмайди. Бугунги Ўзбекистон ҳудудида яшаб, ижод қилган буюк олимлар, алломалар ва мутафаккирларнинг асарлари бутун инсоният интеллектуал тарихининг ажралмас қисмига айланган. Бугун уларнинг илмий меросини ўрганишни давом эттириш, янги тарихий далилларни кашф этиш ва тўпланган билимларни келажак авлодларга етказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Шу боис биз Ислом цивилизацияси марказини нафақат бебаҳо меросни асраб-авайлаш маскани, балки турли мамлакатлар тадқиқотчилари, университетлари ва ихтисослашган муассасаларини бирлаштирувчи халқаро илмий платформа сифатида ҳам кўрамиз.
Шу муносабат билан ўмонлик ҳамкасбларимизни муштарак тарихий меросимизни ўрганишга қаратилган қўшма тадқиқотлар, илмий тажриба алмашиш ва турли ташаббусларни амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф қиламиз. Ишончим комилки, ўтмишнинг интеллектуал бойлиги янги кашфиётлар ва мамлакатларимиз ўртасидаги мазмунли мулоқот учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади».





