Ҳабиб ар-Риёмий: «Ўзбекистон ва Уммоннинг муштарак мероси келажак авлодлар ҳамкорлиги учун мустаҳкам асосдир»
Султон Қобус маданият ва илм-фан олий маркази раиси Ҳабиб ар-Риёмий Маскат шаҳрида бўлиб ўтган халқаро симпозиумда сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий алоқаларнинг чуқур тарихий илдизларини таъкидлади. Шунингдек, у Ислом цивилизацияси маркази ва Султон Қобус марказининг ислом цивилизациясининг буюк меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишдаги алоҳида ўрнига эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, икки муассаса ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги кўп йиллик дўстона муносабатларнинг мантиқий давоми бўлиб, қўшма илмий фаолият учун янги имкониятлар яратади.
Султон Қобус маданият ва илм-фан олий маркази раиси Ҳабиб ар-Риёмий (Ўмон Султонлиги):
«Ўзбекистон ва Ўмонни асрлар давомида халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб келган бой тарихий ва маданий мерос бирлаштириб туради. Бугунги кунда ушбу бебаҳо бойликни нафақат асраб-авайлаш, балки уни янги авлодларга ҳам кенг танитиш алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига ислом оламининг буюк олимлари, мутафаккирлари ва арбоблари қўшган ҳиссани янгича нуқтаи назардан англаш имконини берувчи муҳим ташаббусдир. Бу жиҳатдан Марказ фаолияти Султон Қобус маданият ва илм-фан олий марказининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳангдир.
Ишончим комилки, муассасаларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш илмий ва маданий алмашинувни кенгайтириш, тарихий меросни биргаликда ўрганиш ҳамда янги ташаббусларни амалга оширишга хизмат қилади. Зеро, буюк аждодларимиздан қолган мерос — бу нафақат ўтмиш хотираси, балки келажак авлодларнинг ўзаро англашуви, бунёдкорлиги ва ҳамкорлиги учун ҳам мустаҳкам асосдир».





