Fergana.news: “Ўмон ўзбекистонлик тарихий ҳужжатларни реставрация қилиш мутахассислари учун амалий стажировкалар ташкил этишни таклиф қилди”
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмаларни сақлаш, реставрация қилиш ҳамда илмий ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий стажировкалар ташкил этишни таклиф қилди. Мазкур ҳамкорлик истиқболлари, икки халқнинг муштарак тарихий-маданий меросини тадқиқ этиш ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳақида «Fergana.news» халқаро ахборот агентлиги ўз веб-сайтида «Ўмон ўзбекистонлик тарихий ҳужжатларни реставрация қилиш мутахассислари учун стажировкалар таклиф қилди» сарлавҳали мақолани эълон қилди. Нашрда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг Масқат шаҳридаги учрашувлари, архив лабораториялари фаолияти билан танишуви, қадимий қўлёзмаларни асраш технологиялари ва икки мамлакат ўртасидаги илмий ҳамкорликни кенгайтириш режалари батафсил ёритилган.
Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси Ўзбекистондан тарихий ҳужжатларни сақлаш ва реставрация қилиш билан шуғулланувчи мутахассислар учун амалий стажировкалар ташкил этишни таклиф қилди. Ҳамкорлик имкониятлари 3 ноябрь куни Масқат шаҳрида Ўмон идораси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси вакиллари ўртасида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегациясига Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қилди. Ташрифда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси Абдусалом Хатамов, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов ҳамда мамлакатимиздаги илмий ва давлат муассасаларининг бошқа вакиллари иштирок этди. Масқат шаҳрида делегация Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси Ҳамад бин Муҳаммад аз-Зувайяний билан учрашди.
Учрашувда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, тарихий манбалар алмашиш ҳамда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги алоқаларга бағишланган халқаро конференция ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Ўмон томони икки халқ ўртасидаги муштарак жиҳатларни, жумладан, диний мерос, меъморий анъаналар ва пул муомаласи тарихини ўрганишни таклиф этди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси архив ҳужжатларини реставрация қилиш ва рақамлаштириш билан шуғулланувчи лабораториялар фаолияти билан таништирилди. Айниқса, қадимий қўлёзмаларни замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротлар таъсиридан ҳимоя қилиш технологияларига алоҳида эътибор қаратилди. Бошқарманинг етакчи мутахассиси Фаҳд бин Муборак ад-Дамдамий ўзбекистонлик ҳамкасбларини амалий стажировкаларга қабул қилиш, уларга мавжуд ускуналар ва архивларни сақлаш усуллари билан яқиндан танишиш имкониятини яратишга тайёр эканини билдирди.
Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, уч йиллик фаолият дастурини ишлаб чиқмоқда. Унинг асосий йўналишларидан бири халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмаларни ўрганиш соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришдан иборат бўлади.
Икки мамлакат ўртасида архив соҳасидаги ҳамкорлик бир неча йилдан буён изчил ривожланиб келмоқда. 2026 йил август ойида Ўмон делегацияси Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларидаги илмий ва маданий муассасаларга ташриф буюрган эди. Ташриф якунлари бўйича Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти аввал имзоланган меморандум доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди. Ушбу ҳужжат қўлёзмаларни реставрация қилиш, микрофильмлаштириш, каталоглаштириш ва илмий ўрганиш бўйича қўшма фаолиятни назарда тутади.
Ўзбекистон пойтахтида Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази ўрта аср меъморий ёдгорликлари услубида барпо этилган. Бино ҳар бирининг баландлиги 34 метр бўлган тўртта пештоқ ва баландлиги 65 метрлик марказий гумбаздан иборат. Марказда Қуръон зали, 550 ўринли конференция зали ҳамда экспозициялари Ўзбекистон тарихини исломдан олдинги даврлардан то бугунги кунгача қамраб олган музей фаолият юритади.
Марказ аждодларимиз меросини ўрганиш ва унинг замонавий аҳамиятини чуқур англашга қаратилган илмий-маърифий мулоқотлар майдонига айланишни мақсад қилган. Бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидаги илмий-маърифий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.





