Умра+ дастури доирасида тожикистонлик зиёратчилар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Тожикистондан Ўзбекистонга келган Умра зиёратчилари «Умра+» дастури доирасида Ислом цивилизацияси марказига бепул ташриф буюриб, муқаддас қадамжолар сари сафардан аввал Марказий Осиёнинг кўп асрлик илмий-маънавий мероси билан танишди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу маърифий ташрифлар хорижий зиёратчиларга Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври алломаларининг илмий ютуқлари, ноёб тарихий манбалар ҳамда Ўзбекистоннинг цивилизациявий меросини яқиндан ўрганиш имконини бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган «Умра+» дастури доирасида мамлакатимизга келаётган хорижий зиёратчилар учун тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ва илмий-маърифий масканлар билан танишиш имкониятлари яратилмоқда.
Мазкур дастур доирасида навбатдаги зиёратчилар гуруҳи Тожикистон Республикасидан Ўзбекистонга ташриф буюрди. Меҳмонлар сафар дастурига киритилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, унинг музей экспозициялари ва тарихий меросни намойиш этишга қаратилган замонавий ечимлари билан танишди.
Тожикистонлик меҳмонларга Марказ экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар, буюк мутафаккирлар ва алломаларнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида, айниқса, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида ривожланган илмий мактаблар, уларнинг жаҳон тафаккури тарихидаги ўрни ҳамда бу анъаналарнинг кейинги авлодларга таъсирига эътибор қаратилди.
Зиёратчилар тарихий қўлёзмалар, илмий асарлар ва музей экспонатлари орқали Марказий Осиёда кечган интеллектуал юксалиш жараёнлари билан танишиш имконига эга бўлди.
Марказдаги экспозициялар илм-фан, маданият, маънавият ва ижтимоий тафаккур тараққиётини турли тарихий даврлар кесимида ёритади. Бунда аждодлар мероси фақат тарихий маълумотлар орқали эмас, замонавий кўргазмали воситалар ва мультимедиавий ечимлар ёрдамида ҳам тақдим этилади.
Тожикистонлик меҳмонлар буюк алломаларнинг илмий фаолияти, асарлари ва кашфиётларига алоҳида қизиқиш билдирди. Улар ушбу илмий мероснинг минтақадаги халқлар учун умумий тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Саидуллоҳ Саидов, Тожикистондан келган зиёратчи:
Бугунги кунда Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида кўплаб йўналишларда, жумладан, туризм соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
«Умра+» дастури томонидан Марказий Осиё мамлакатларидаги туристик ташкилотларни ўзаро бирлаштириш, улар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Ислом цивилизацияси марказидамизда намойиш этилаётган тарихий манбалар, экспонатлар ва замонавий экспозициялар Ўзбекистоннинг бой маданий-маърифий салоҳиятини намоён этади. Менимча, бундай масканларни халқаро сайёҳлик йўналишларига киритиш жуда муҳим. Зеро, саёҳат давомида мамлакатнинг тарихи, маданияти ва илмий мероси билан яқиндан танишиш сайёҳлар учун янада мазмунли таассуротлар қолдиради.
Ушбу маскан билан танишиш саёҳат дастуримизнинг муҳим қисмига айланди.
Тожикистонлик меҳмоннинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасидаги туристик ҳамкорлик бир томонлама ташрифлар билан чекланмаслиги лозим.
У Ўзбекистондан Тожикистонга ҳам сайёҳлар оқимини кенгайтириш, қўшни мамлакатнинг тарихий шаҳарлари ва маданий масканлари билан танишиш имкониятларини ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.





