«Учинчи Ренессанс чорраҳаси»да ёшлар ўтмишни ўрганиб, келажакни кашф этишмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» лойиҳаси доирасида навбатдаги илмий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Уларда Ўзбекистон Ислом академияси ҳузуридаги «Ziyo-Zukko» умумтаълим мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этди.
Дастур мактаб ўқувчиларини Ўзбекистоннинг кўп асрлик илмий-маданий мероси билан таништириш, буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини тушунтириш ҳамда тарихий манбаларни ўрганишга қизиқиш уйғотишга қаратилди.
Ташриф давомида иштирокчилар учун мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, буюк мутафаккирлар ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилди. Шунингдек, тарих ва исломшунослик йўналишларида мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.
Маҳорат дарсларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди, доцент Элдор Ибрагимов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Зафар Фахриддинов иштирок этди.
Мутахассислар ўқувчилар билан Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илмий мактаблар, аждодлар меросининг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ва тарихий билимларнинг бугунги аҳамияти ҳақида фикр алмашди.
Мулоқотларда миллий тарихни чуқур ўрганиш, илмий тафаккурни ривожлантириш, ёшларда Ватанга муҳаббат ва аждодлар меросига ҳурмат туйғуларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотлардан сўнг мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти билан танишди.
Меҳмонларга Халқаро илмий-маърифий платформа имкониятлари, илмий маълумотларни жамлаш, ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этишга қаратилган йўналишлар ҳақида маълумот берилди.
Марказ кутубхонасига ташриф дастурнинг алоҳида қисми бўлди. Ўқувчилар бу ерда сақланаётган қўлёзмалар, тарихий китоблар ва илмий адабиётлар билан танишди.
Кутубхонадаги бой ёзма мерос ўқувчиларга аждодларимиз томонидан яратилган асарлар, илм-фан анъаналарининг давомийлиги ва тарихий манбаларни асраб-авайлаш аҳамияти ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.
«Учинчи Ренессанс чорраҳаси» дастури доирасида ташриф буюрган ўқувчи ва ўқитувчилар учун шунингдек, Марказнинг музей экспозициялари бўйлаб экскурсия ташкил этилди.
Тарихий жараёнларни турли даврлар кесимида акс эттирувчи кўргазмалар, музей экспонатлари ва замонавий технологик ечимлар ўқувчи ва ўқитувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ҳамоиддин Исломов, «Ziyo-Zukko» мактаби тарих фани ўқитувчиси:
«Менимча, бу ерни музей деб аташнинг ўзи камлик қилади. Чунки бу масканда ҳар бир экспонатга шунчаки тарихий буюм сифатида эмас, балки ўтмишга олиб борувчи восита сифатида қаралади. Бу ердаги таассуротларни сўз билан ифода этиш жуда қийин. Ҳар бир инсон бу масканга келиб, аждодларимиз мероси ва тарихимиз билан яқиндан танишиши керак».
Ноила Ортиқова, «Ziyo-Zukko» мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:
«Бу масканга қадам қўйишимиз билан юртимизда туғилганимиздан фахрланиш туйғуси пайдо бўлди. Марказдаги муҳит, яратилган шароитлар ва тарихий меросимизга бўлган эътибор бизни ҳайратга солди. Айниқса, кутубхонадаги бой мерос ва асарларни кўриб, халқимизнинг нақадар улкан илмий салоҳиятга эга бўлганини яна бир бор ҳис қилдик. Ўқувчиларимиз ҳам катта таассурот олди. Келгусида уларни яна бу масканга олиб келишни мақсад қилдик».
«Учинчи Ренессанс чорраҳаси» доирасидаги мазкур тадбир тарихий меросни ўрганиш, олимлар билан мулоқот қилиш ва музей экспозицияларидан таълим жараёнида фойдаланиш имкониятларини бирлаштирди.





