«Қуруқ маълумот унутилади, ҳиссиётлар эса хотирада қолади»: Россия халқ артисти Валерия Ислом цивилизацияси маркази ҳақида
У миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган қўшиқлари билан танилган. Аммо бу сафар унинг эътиборини мусиқа эмас, асрлар қаъридан сўзлаётган тарих, бетакрор меъморчилик ва замонавий тафаккур уйғунлашган маскан тортди.
Россия халқ артисти, машҳур эстрада хонандаси Валерия Перфилова Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида кўрганлари унинг тасаввур ва кутганларидан ҳам ортиқ бўлганини яширмади. Марказ экспозицияларининг бадиий ечими, қадимий артефактларнинг тақдимоти, замонавий иммерсив технологиялар ва бино меъморчилиги унда унутилмас таассурот қолдирди.
«Аввало, ниҳоят бу ерга етиб келганимиздан жуда хурсандман. Бу ноёб маскан ҳақида анчадан бери эшитиб келаётгандик. Аммо бугун ўз кўзим билан кўрганларим, ҳис қилганларим барча кутганларимдан ҳам ошиб тушди. Ростини айтсам, қаттиқ ҳайратдаман! Бундай манзарани ҳатто тасаввур ҳам қила олмаган эдим. Бу ҳақиқатан ҳам идеал музей қандай бўлиши кераклигининг намунаси.
Бу ерда қадимий экспонатлар ва артефактлар замонавий иммерсив технологиялар билан уйғунлаштирилган. Бундай музейлар инсонни ўзига жалб қилиши, нафақат маълумот бериши, балки қалбида ҳис-туйғуларни ҳам уйғотиши лозим. Чунки қуруқ маълумот тез унутилади, инсоннинг ҳиссиётлари билан мустаҳкамланган таассуротлар эса хотирада узоқ сақланади. Бу ерда инсоннинг барча сезги аъзолари ва тафаккури ишга солинган. Марказ ўз номига тўла мос — бу ҳақиқатан ҳам Ислом цивилизацияси маркази!
Бинонинг меъморий ечимлари, тошларга ишлов бериш маҳорати, замонавий технологиялар билан бир қаторда анъанавий усуллар, ғоялар ва рамзлардан фойдаланилгани мени ҳайратга солди. Энг муҳими, бу иншоот инсонга босим ўтказмайди, аксинча, ўзига жалб қилади. Бу — цивилизациянинг юксак даражаси. Инсонлар ўз қўллари билан асрлар давомида қад ростлаб турадиган иншоот барпо этишган! Гарчи ислом динига мансуб бўлмасам-да, бундай масканнинг мавжудлигидан чин дилдан қувонаман. Чунки бу ерда маънавият, тарих ва энг муҳими, инсонпарварлик мужассам.
Менимча, ҳар бир раҳбар халқ хотирасида ана шундай эзгу ишлари, келажак авлодларга қолдирадиган бунёдкорлик мероси билан қолиши керак. Самарқанддаги Имом Бухорий маркази ҳам бизда кучли таассурот қолдирди. Бундай иншоотларнинг асрлар давомида сақланиб, келажак авлодларга хизмат қилиши ниҳоятда муҳим. Ислом цивилизацияси маркази эса одамлар учрашадиган, жамият жипслашадиган, маънавий озуқа ва унутилмас ҳиссиётлар оладиган маскан экан.
Бу ерга яна бир бор келишни истардик, чунки икки соат ичида бу ердаги барча бойликларни қамраб олишнинг иложи йўқ. Ҳар сафар янги тафсилотларни кашф этиш мумкин. Бугунги ташрифимиз Ўзбекистон бўйлаб сафаримизга гўёки торт устидаги гилосдек якун бўлди. Бу маскан ҳақиқатан ҳам одамларни ўзига чорлайдиган марказ экан».
Валериянинг фикрларида бир муҳим жиҳат бор: ҳақиқий музей инсонга фақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қилиб бермайди, балки уни ўша тарих билан руҳан юзлаштиради. Ислом цивилизацияси маркази ҳам айнан шу вазифани бажармоқда — асрлар давомида яратилган илм-фан, маънавият ва маданий меросни замонавий авлодга яқинлаштирмоқда.
Бу ерда тарих музей витриналари ортида қолиб кетмайди. У инсонни ҳайратга солади, тафаккурини бойитади ва турли халқлар ўртасида муштарак қадриятлар кўприкларини яратади.
Ташриф якунида Валерия «Фахрий меҳмонлар» китобига ҳам ўз таассуротларини ёзиб қолдирди.





