ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилиш ташаббусини бир овоздан маъқуллади
ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг Парижда бўлиб ўтган 225-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган «Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш чоралари самарадорлигини ошириш» номли қарор лойиҳаси бир овоздан маъқулланди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 30 октябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида илгари сурилган эди.
Қабул қилинган қарор маданий мероснинг моддий ва номоддий намуналарини иқлим ўзгариши, табиий офатлар, жадал урбанизация ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар каби глобал таҳдидлардан муҳофаза қилиш борасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳужжатда ЮНЕСКОга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий ҳамжамият ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хавфларнинг олдини олиш ва бошқариш механизмларини такомиллаштириш, илмий билим ҳамда илғор тажриба алмашинувини кенгайтириш назарда тутилган.
Қарор доирасида Ўзбекистоннинг 2027 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО ҳамкорлигида «Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш» мавзусида халқаро симпозиум ўтказиш таклифи ҳам маъқулланди.
Ушбу анжуман дунёнинг турли мамлакатларидан етакчи мутахассислар, халқаро ташкилотлар ва илмий-тадқиқот муассасалари вакилларини бир майдонда жамлайди. Унда маданий ёдгорликларга таҳдидларнинг олдини олиш, замонавий технологияларни қўллаш, анъанавий билимларни асраб-авайлаш ва соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинади. Симпозиум якунида маданий меросни муҳофаза қилиш ва бошқариш усулларини такомиллаштиришга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Эътиборлиси, Ўзбекистон ташаббуси ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, улар қарор лойиҳасига ҳаммуаллиф сифатида қўшилди. Улар орасида Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби давлатлар ҳам бор.
Халқаро ҳамжамият томонидан билдирилган мазкур қўллаб-қувватлов Ўзбекистоннинг жаҳон маданий меросини асраш, уни келажак авлодларга безавол етказиш ва халқаро илмий-маданий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг эътирофидир.
2027 йилда Хивада ўтказилиши режалаштирилган халқаро симпозиум эса Самарқандда бошланган халқаро мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, маданий меросни глобал таҳдидлардан муҳофаза қилиш бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.





