Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО халқаро мукофотининг иккинчи танловига аризалар қабули бошланди
ЮНЕСКО Бош директори Ҳолид ал-Ананий сунъий интеллект этикаси соҳасидаги илмий тадқиқотлар учун таъсис этилган Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мукофотнинг иккинчи танловига аризалар қабули бошланганини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таъсис этилган ушбу мукофот сунъий интеллект этикаси соҳасидаги илмий изланишларни рағбатлантиришга қаратилган илк глобал мукофот ҳисобланади. Мукофотнинг буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний номи билан аталиши бежиз эмас. Зеро, Берунийнинг бой илмий мероси, ҳақиқатни излаш, холислик ва илмга масъулият билан ёндашиш тамойиллари бугунги технологик тараққиёт даврида ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Ҳар икки йилда бир марта уч нафар лауреатга топшириладиган мукофот ғолиблари махсус медаль, сертификат ва пул мукофоти билан тақдирланади. Танловда тадқиқотчилар, илмий муассасалар ва ташкилотлар иштирок этиши мумкин.
Аризалар 2027 йил 30 январга қадар қабул қилинади.
Мукофотни топширишнинг илк маросими 2025 йил ноябрь ойида Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида бўлиб ўтган эди.
Бугун Абу Райҳон Беруний номининг жаҳон миқёсидаги нуфузли илмий мукофот билан боғланиши Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий мероси халқаро майдонда юксак эътироф этилаётганининг яна бир ифодасидир. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам буюк алломаларимиз, жумладан, Абу Райҳон Берунийнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини кенг тарғиб этиш, уларнинг илмий меросини келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.





