Икки аср аввал яшаган жиззахлик шоир девони нашр этилди
XIX асрда Жиззах воҳасида ижод қилган Шермуҳаммад Урғулий Жиззахийнинг «Девони Маҳзун» асари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари томонидан ҳозирги ўзбек тилига табдил қилиниб, илмий изоҳлар ва луғат билан бойитилди. Алишер Навоий, Бобур, Машраб ва Яссавий адабий анъаналари билан боғлиқ шеърий намуналарни ўз ичига олган асарнинг 430 бетлик нашр лойиҳасида асл қўлёзма нусхаси ҳам ўрин олган. Мазкур тадқиқот XIX аср ўзбек адабий муҳитини ўрганиш учун қўшимча манба яратиш ва мумтоз шеъриятни кенг китобхонларга тушунарли шаклда етказишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 февралдаги «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида қўлёзма меросни сақлаш, илмий ўрганиш ва тадқиқотлар самарадорлигини оширишга доир вазифалар белгиланган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондида 2000 дан зиёд қўлёзма, тошбосма ва архив ҳужжатлари сақланади. Ушбу манбалар орасида адабиёт, тарих, диншунослик, фалсафа ва бошқа илм соҳаларига оид асарлар мавжуд. Ушбу асарлар орасида фондда сақланаётган нодир қўлёзмаларни илмий ўрганиш ва нашрга тайёрлаш ишлари доирасида XIX аср шоири, тасаввуфий қарашлар ифодачиси Шермуҳаммад Урғулий Жиззахийнинг «Девони Маҳзун» асари тадқиқ этилди.
Тадқиқотнинг муҳим жиҳати шундаки, асар фақат замонавий ёзувга ўгирилмаган. Унинг таркибидаги диний-маърифий тушунчалар, арабча ва форсча сўзлар, тарихий ишоралар ҳамда мумтоз адабиётга хос ифодалар учун алоҳида илмий шарҳлар тайёрланган.
Абдурасул Яхшибоев, Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими:
Президентимиз Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббуси билан чиққанларида, унинг фақат музей эмас, балки йирик тадқиқот ва илмий марказ бўлиши, аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, асраб-авайлаш, таржима ва табдил қилиб, халқимизга бутунлигича етказиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган эдилар. 2022 йил 10 февралдаги қарор эса бу борадаги вазифаларни аниқ белгилаб берди. Шу асосда Марказимизда қўлёзма манбаларни ўрганиш, уларни илмий муомалага киритиш ва халқчил тилда тақдим этишга қаратилган ишлар бошланди. XIX аср шоири, тасаввуфий қарашлар ифодачиси Шермуҳаммад Урғулий Жиззахийнинг «Девони Маҳзун» асари устида олиб борилган тадқиқот ана шу ишларнинг яна бир намунасидир. «Девони Маҳзун»нинг адабий аҳамияти, аввало, унда турли даврларда шаклланган мумтоз шеърият анъаналари ўзаро боғлиқ ҳолда намоён бўлиши билан белгиланади.
Асарда Шермуҳаммад Урғулийнинг ғазаллари билан бир қаторда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Хожа Аҳмад Яссавий, Садоий, Эшони Ҳувайдои Чимёний ва Вуслат каби ижодкорларнинг ғазалларига боғланган мухаммаслар ҳам ўрин олган.
Шу жиҳатдан мазкур девон Шермуҳаммад Урғулийнинг ижодий дунёқарашини ўрганиш билан бирга, унинг ўзидан аввалги адабий мактаблар билан муносабатини таҳлил қилиш учун ҳам аҳамиятли.
Асарда диний-маърифий қарашлар, инсон камолоти, маънавий поклик, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ва эзгулик ғоялари кенг ёритилган.
Хусусан, қариндошлик муносабатлари, оиладаги масъулият, фарзанд тарбияси, инсонлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва самимият каби масалалар шеърий ифода топган.
Шоирнинг ижодида Қуръон оятлари, ҳадислар, уламоларнинг ҳикматли фикрлари ва мумтоз адабиётга оид ишораларнинг учраши унинг диний ҳамда адабий билимлар доирасини кўрсатади.
Муаллифнинг ҳаётига оид биографик маълумотлар қўлёзмада нисбатан қисқа сақланган.
Асарнинг асл матни қандай сақланди?
«Девони Маҳзун» араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувида битилган. Матнда арабча ва форсча сўзлар, мумтоз адабиётга хос иборалар ҳамда бугунги тилда кам қўлланиладиган тушунчалар учрайди.
Асарни нашрга тайёрлашда Шайх Абдулазиз Мансур ҳамкорликларида мутахассислар тарихий матннинг асл мазмуни ва муаллиф услубини сақлаган ҳолда уни замонавий ўқувчига тушунарли қилишга интилган.
Бунда эски ёзувдаги матнни ҳозирги ёзувга кўчириш, айрим мураккаб сўз ва ибораларни шарҳлаш, шунингдек, уларнинг мазмунини очиб берувчи изоҳли луғат тайёрлаш ишлари амалга оширилган.
Абдурасул Яхшибоев, Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими:
Муаллифнинг асари қандай ҳолатда бўлса, уни шу ҳолича сақлашга ҳаракат қилдик. Матнга ўзгартириш киритмадик, балки бугунги китобхон ва тадқиқотчиларга тушунарли бўлиши учун зарур изоҳларни қўшдик. Чунки ғазалларни мутолаа қилганда ундаги маънавий-ахлоқий ғоялар, диний билимлар ва тарихий ишораларни тўғри англаш муҳим. Шу мақсадда асарнинг орқа қисмида араб ва форс тилларидан кирган сўзларнинг изоҳли луғатини ҳам келтирдик.
Бундай усул муаллиф матни билан замонавий ўқувчи ўртасидаги тил тўсиғини камайтиришга хизмат қилади. Айни пайтда, асл манбанинг сақланиши тадқиқотчиларга матнни мустақил текшириш, қиёсий таҳлил қилиш ва тарихий тил хусусиятларини ўрганиш имконини беради.
«Девони Маҳзун»нинг умумий ҳажми 430 бетни ташкил этади. Шундан 250 бет замонавий ўзбек тилидаги табдил ва илмий изоҳларга, 180 бет эса асл қўлёзма матнига ажратилган.
Китобда қўлёзма саҳифаларидан намуналар, мавзуга мос миниатюралар ҳамда шарқона китобат анъаналарига асосланган бадиий безаклардан фойдаланилган.
Асл нусха ва замонавий табдилнинг бир нашрда берилиши манбашунослик нуқтаи назаридан муҳим. Чунки бу орқали мутахассислар эски ўзбек ёзуви, сўз қўллаш хусусиятлари ва шеърий матн тузилишини бевосита кузатиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, изоҳланган матн мумтоз адабиёт бўйича махсус тайёргарликка эга бўлмаган китобхонларга ҳам асар мазмунини англашни енгиллаштиради.
Натижада китоб адабиётшунослар, тилшунослар, манбашунослар, тарихчилар, олий таълим муассасалари талабалари ва мумтоз шеърият ихлосмандлари учун қўшимча манба вазифасини бажариши мумкин.





