III Ўзбекистон–Россия медиафорумида маданий мерос ва маърифий ҳамкорликка оид янги ташаббуслар илгари сурилди
Бугун, 9 ноябрь куни Тошкентда III Ўзбекистон–Россия медиафоруми ўз ишини бошлади. Икки мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар, давлат идоралари ва медиа соҳаси вакилларини бирлаштирган халқаро анжуманда ахборот соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рақамли журналистика, сунъий интеллект, миллий қадриятларни асраш ва қўшма медиалойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган икки кунлик форум ўзаро тажриба алмашиш, медиа соҳасидаги янги имкониятларни муҳокама қилиш ва профессионал ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бош директори Абдусаид Кўчимов замонавий журналистиканинг вазифалари, ахборот ишончлилиги ва икки мамлакат ўртасидаги профессионал ҳамкорликнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
«Бугун ахборот агентликлари фаолиятининг ўзи ўзгармоқда. Илгари асосий устунлик ахборотни тезкор етказиш бўлган бўлса, энди бунинг ўзи етарли эмас. Аудитория нафақат янгиликларни, балки воқеаларнинг ишончли шарҳи, мазмунли ҳикоялар ва сифатли визуал материалларни ҳам кутмоқда. Бугун одамларга нима содир бўлганини хабар қилиш билан чекланиб бўлмайди. Муҳими, воқеа нима учун юз берганини ва унинг инсонлар ҳаёти учун қандай аҳамиятга эга эканини тушунтиришдир», — деди Абдусаид Кўчимов.
ЎзА раҳбари ТАСС билан кўп йиллик ҳамкорликка алоҳида тўхталиб, ўзаро ахборот ва визуал материаллар алмашинувини кенгайтириш, қўшма махсус лойиҳалар тайёрлаш, журналистлар учун медиатурлар ташкил этиш ҳамда таҳририятлар ўртасидаги бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирди.
Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги бош директори Андрей Олегович Кондрашов эса замонавий ахборот маконида ишончли журналистиканинг аҳамияти, сунъий интеллект технологиялари билан боғлиқ янги муаммолар ва медиа ташкилотларининг жамият олдидаги масъулиятига эътибор қаратди.
«Биз ахборот бир неча дақиқа ичида кенг аудиторияга етиб борадиган даврда яшаяпмиз. Бироқ ахборот тарқалишининг тезлиги ҳар доим ҳам унинг сифатига кафолат бўла олмайди. Рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқлар текширилмаган маълумотлар ҳамда сохта хабарлар тарқалишини тезлаштирмоқда. Сунъий интеллектнинг янги воситалари бу муаммони янада кескинлаштирди. Бундай шароитда ахборот манбаларини текшириш ва таҳририят масъулиятига янада қатъий ёндашиш зарур. Оммавий ахборот воситаларига бўлган ишонч эса уларнинг энг муҳим касбий капитали бўлиб, у ҳар кунги меҳнат, аниқлик ва масъулият орқали шаклланади», — дея таъкидлади Андрей Кондрашов.
ТАСС раҳбари ёлғон ахборот тарқалишига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, икки мамлакатнинг тарихий-маданий меросини ёритувчи қўшма ҳужжатли фильмлар, архив материаллари ва махсус медиалойиҳаларни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов мамлакатимиз медиа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва рақамли ривожланиш натижалари билан бир қаторда, ахборотнинг жамият ва давлатлар ўртасидаги муносабатларга таъсирига тўхталди.
«Бугун ахборот давлат тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланди. У мамлакат қиёфасини шакллантиради, халқларимиз ўртасидаги ишонч даражасига таъсир кўрсатади ва глобал кун тартибини белгилашда муҳим ўрин тутади. Ёлғон маълумотлар ва ахборот хуружлари мамлакатлар ҳамда халқлар ўртасида тушунмовчилик ёки ажралишга сабаб бўлмаслиги керак. Аксинча, профессионал медиа ҳамжамияти ўзаро ишонч, ҳурмат ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаши лозим. Сўз ўзаро англашувга хизмат қилиши, келишмовчиликларга сабаб бўлмаслиги зарур», — деди Шерзод Асадов.
Шунингдек, у журналистларнинг касбий малакасини ошириш, ахборот ҳаққонийлигини текшириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш, сунъий интеллект соҳасида қўшма ишланмаларни ривожлантириш ҳамда медиа вакиллари ўртасидаги бевосита профессионал алоқаларни кенгайтиришни устувор йўналишлар сифатида илгари сурди.
Очилиш маросимида билдирилган фикрлар форумнинг тўртта асосий сессиясида ҳам давом эттирилди. Уларда оммавий ахборот воситаларининг туризм, спорт ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришдаги ўрни, рақамли даврда журналистика истиқболлари, анъанавий ОАВдан янги медиаплатформаларга ўтиш жараёнлари ҳамда миллий маданий қадриятларни сақлаш ва тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Форумнинг «Медиада миллий маданий код: анъанавий қадриятлар ва келажакка назар уйғунлиги» мавзусидаги тўртинчи сессиясида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов тарихий хотира, маърифат ва замонавий медиа ўртасидаги узвий боғлиқликка бағишланган маъруза қилди.
Марказ директори ўз чиқишида Иккинчи жаҳон урушида Ленинград қамалда бўлган йилларида Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги нишонлангани, Тошкентда эса Шомаҳмудовлар оиласи турли миллатларга мансуб етим болаларни ўз бағрига олганини эслади. Ушбу тарихий воқеалар икки халқ ўртасидаги дўстлик, инсонпарварлик ва маданий муштаракликнинг ёрқин намунаси сифатида таъкидланди.
«Кўргазма ортида рассомнинг тақдирини, китоб ортида тадқиқотчининг меҳнатини, келишув ортида эса ҳамкорликнинг амалий натижаларини кўрсатиш зарур. Ана шунда ахборот билимга, ўзга маданият эса яқин ва тушунарли қадриятга айланади. Бугун медианинг вазифаси шунчаки ахборот етказиш эмас, балки маърифат тарқатиш, инсонларни фикрлашга, маълумотларни текширишга ва бир-бирини яхшироқ тушунишга ундашдир», — дея таъкидлади Фирдавс Абдухолиқов.
Маърузада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган маърифат ва илм-фанга асосланган тараққиёт ғояларининг изчил давом эттирилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳолатга қарши маърифат орқали курашиш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини дунёга етказиш ва буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Мазкур ғояларнинг мантиқий давоми сифатида Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 6 ноябрь куни Остона шаҳридаги Ақаба жараёни учрашувида Ислом цивилизацияси маркази негизида «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастурини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.
Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, бундай ёндашув замонавий ахборот технологияларини маърифий мақсадларга йўналтириш, ишончли билимларни кенг оммага етказиш ва ёш авлоднинг илмий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифаларидан бири аждодлардан қолган бой илмий меросни нафақат асраб-авайлаш, балки уни янги тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорлик учун мустаҳкам асосга айлантиришдир.
Шу мақсадда Марказ директори Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва «Россия» миллий маркази негизида уч йиллик қўшма ҳаракатлар дастурини амалга оширишни таклиф этди.
Дастурнинг «Бизни бирлаштирувчи тарихлар» йўналишида икки мамлакатнинг муштарак тарихий-маданий меросига бағишланган фильмлар, китоблар ва кўргазмалар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма грант танловларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
«Чегарасиз мерос» йўналишида нодир қўлёзмалар ва музей коллекцияларини рақамлаштириш, виртуал музейлар ҳамда ўзбек ва рус тилларида таълим платформаларини ривожлантириш таклиф этилди.
«Медиа ва маърифат» йўналишида эса ёш ижодкорлар мактабини ташкил этиш, журналистлар ва блогерлар учун ўзаро медиатурлар, маданий стажировкалар ўтказиш ҳамда сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланишга қаратилган қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, музейлар, кутубхоналар ва театрлар раҳбарлари иштирокида ҳар чоракда учрашувлар ўтказиш орқали қўшма ташаббусларни мувофиқлаштириш ва уларнинг амалий натижаларини белгилаб бориш таклиф қилинди.
Фирдавс Абдухолиқов маърузасини якунлар экан, медиа воситаларининг халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва тарихий хотирани келгуси авлодларга етказишдаги масъулиятига яна бир бор урғу берди.
«Медиа қизиқишни англашга, англашни ишончга, ишончни эса инсонлар ўртасидаги яқинликка айлантира олади. Бизнинг масъулиятимиз — бугун ҳам биргаликда бунёд этаётган, таълим бераётган, тадқиқот олиб бораётган ва маданий меросни асраётган инсонлар ҳақида ҳикоя қилишдир», — дея таъкидлади Марказ директори.
III Ўзбекистон–Россия медиафорумида илгари сурилган ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги ахборот ва маданий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш, тарихий меросни замонавий форматларда тарғиб этиш ва профессионал алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Ислом цивилизацияси маркази томонидан таклиф этилган уч йиллик дастур эса ушбу ҳамкорликни аниқ қўшма лойиҳалар асосида ривожлантириш учун муҳим имконият сифатида аҳамият касб этади.





