Фирдавс Абдухолиқов икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик бўйича янги ташаббусни эълон қилди
Ўзбекистон — Россия медиафорумида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов иштирок этиб, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик, тарихий хотирани асраб-авайлаш ва замонавий медианинг маърифий вазифаларига бағишланган нутқ сўзлади.
Марказ раҳбари ўз чиқишида ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги дўстликнинг чуқур тарихий илдизларига тўхталди. Хусусан, 1941 йилда қамал ҳолатидаги Ленинградда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги нишонлангани, айни ўша даврда Тошкентда Шомаҳмудовлар оиласи турли миллатга мансуб етим болаларни ўз бағрига олганини халқларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этди.
«Ленинградда Навоийнинг сўзини асраб қолишди. Ўзбекистонда эса инсонлар ҳаётини асраб-авайлашди. Бу икки тарихий воқеа халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг нечоғли теран илдизларга эга эканини кўрсатади», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Марказ раҳбари бугун ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бир пайтда оммавий ахборот воситаларининг масъулияти янада ортаётганини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, медиа фақат воқеаларни ёритиш билан чекланмасдан, уларнинг моҳиятини очиб бериши, халқларнинг маданияти, тарихи ва қадриятларини ўзаро яқинлаштиришга хизмат қилиши зарур.
«Бугун медиа фақат хабар етказувчи эмас, балки жамиятни маърифат сари етакловчи куч бўлиши керак. Ахборот билимга, билим эса ўзаро тушуниш ва ишончга айланиши лозим», — дея таъкидлади у.
Нутқда Президент Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳаси асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маданий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, россиялик ҳамкорлар билан биргаликда «Ўзбекистон. Қумлар марвариди», «Нукус. Номаълум коллекция», «Мовароуннаҳр цивилизацияси», «Ўзбекистон. Ғалаба сари йўл» каби ҳужжатли фильмлар яратилгани, Москва ва Санкт-Петербург тўпламларида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига бағишланган йигирмадан ортиқ китоб-альбом тайёрлангани қайд этилди. Шунингдек, Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти билан ҳамкорликда Катталангар Қуръонининг Санкт-Петербургда сақланаётган қисми факсимиле нашри тайёрлангани таъкидланди.
Форумда Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва «Россия» миллий маркази ҳамкорлигида уч йиллик қўшма ҳаракатлар дастурини амалга ошириш ташаббусини илгари сурди. Мазкур дастур учта устувор йўналишни ўз ичига олади:
«Бизни бирлаштирувчи тарихлар» — халқларимизнинг муштарак тарихи ва маданий алоқаларига бағишланган қўшма фильмлар, китоблар, кўргазмалар ҳамда ижодий лойиҳаларни амалга ошириш.
«Чегарасиз мерос» — ноёб қўлёзмалар ва музей коллекцияларини рақамлаштириш, виртуал музейлар, подкастлар ва ўзбек ҳамда рус тилларидаги маърифий платформаларни яратиш.
«Медиа ва маърифат» — ёш журналистлар, блогерлар ва муаллифларни қўллаб-қувватлаш, ўзаро пресс-турлар ва ижодий стажировкалар ташкил этиш, сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш ҳамда ахборот манбаларини текшириш маданиятини ривожлантириш.
Шунингдек, Фирдавс Абдухолиқов Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастури ташаббусининг аҳамиятига тўхталиб, ишончли билимларни замонавий медиа воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш зарурлигини таъкидлади.
Нутқ якунида Марказ раҳбари икки мамлакат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда медиа вакилларининг ўрни беқиёс эканига урғу берди.
«Медиа қизиқишни — англашга, англашни — ишончга, ишончни эса халқлар ўртасидаги самимий яқинликка айлантира олади. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ҳар бир янги авлоднинг шахсий қадриятига айланиши керак», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, муштарак тарихий меросни кенг тарғиб этиш ва ёш авлодни маърифат руҳида тарбиялашда замонавий медиа муҳим аҳамият касб этади.





