Ўзбекистон кончилиги ва маъданчилик тарихига оид янги тадқиқот тақдим этилди
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ўзбекистон кончилиги ва маъданчилиги тарихи” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Унда олимлар, тадқиқотчилар ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун тарихий-маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш билан бир қаторда, илмий мулоқотлар, китоб тақдимотлари ва маърифий тадбирлар ўтказиладиган муҳим масканга айланмоқда. Навбатдаги тадбир ҳам юртимизнинг қадимий ишлаб чиқариш маданияти, кончилик ва маъданчилик анъаналарини илмий жиҳатдан ёритишга бағишланди.
Тадбирни Марказ директори ўринбосари Гулнора Ғаниева кириш сўзи билан очиб берди.
Тақдимотда Марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров китобнинг илмий аҳамияти, унинг музей экспозицияси билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, асарда, айниқса, қадимги Чоч воҳаси — бугунги Тошкент, Оҳангарон ва Ангрен ҳудудларидаги табиий бойликлар, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнлари ҳақида муҳим маълумотлар жамланган.
Марказимиз кўп функцияли муассаса ҳисобланади. Қисқа вақт ичида бу ерда турли йўналишларга оид кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Бугунги тақдимот ҳам ана шундай учрашувлардан бири бўлиб, кончилик ва маъданчилик тарихига бағишланган муҳим илмий асарни жамоатчиликка таништиришга қаратилган. Китобда Чоч воҳаси, яъни бугунги Тошкент ва унинг атрофидаги ҳудудларда қадимдан мавжуд бўлган фойдали қазилмалар, уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнлари ҳақида маълумотлар ўз ифодасини топган, — деди Зоҳидулла Мунавваров.
Шунингдек, у Марказ музей экспозициясидаги Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлимида Чоч цивилизациясига алоҳида ўрин ажратилганини қайд этди. Мазкур бўлимда ҳудуднинг олтин, кумуш ва бошқа ноёб металларга бой бўлгани, улардан турли буюмлар, заргарлик маҳсулотлари, меҳнат ва жанг қуроллари тайёрлаш анъаналари намойиш этилган.
Зоҳидулла Мунавваровнинг фикрича, музей экспозициясига жойлаштирилган ҳар бир тарихий ашё муайян илмий тадқиқот ва далилларга таяниши зарур. Шу боис кончилик ва маъданчилик тарихига оид мазкур каби китоблар экспозициянинг илмий асосларини мустаҳкамлаш, аждодларимизнинг амалий билим ва тажрибасини кенгроқ очиб беришда муҳим аҳамият касб этади.
У, шунингдек, 2024 йил август ойида ўтказилган Ўзбекистон олимларининг биринчи миллий форуми натижаларига тўхталиб, унда музей экспозициясини илмий жиҳатдан бойитишга қаратилган 800 дан ортиқ лойиҳа шакллантирилганини маълум қилди. Уларнинг салмоқли қисми амалиётга татбиқ этилган. Айни пайтда олимларнинг иккинчи миллий форумига тайёргарлик кўрилмоқда. Унда 150 га яқин янги илмий ғоя ва лойиҳаларни шакллантириш, хусусан, аниқ ва табиий фанлар йўналишидаги тадқиқотларга эътибор қаратиш режалаштирилган.
Тақдимотда китоб муаллифларидан бири, техника фанлари доктори, Бутунжаҳон кончилик академияси академиги, профессор Абдурашид Ҳасанов асар яратилиши билан боғлиқ изланишлари ҳақида маълумотлари берди.
Олимнинг айтишича, тадқиқот 2022 йилда бошланган ва тўрт йил давомида олиб борилган илмий изланишлар натижасида якунланган. Асар профессор Исомиддин Ёрматов ва Шаҳноза Ашурова билан ҳамкорликда тайёрланган. Унда эрамиздан аввалги даврлардан бошлаб Марказий Осиёда кончиликнинг шаклланиши, маъданларни қазиб олиш усуллари, уларни қайта ишлаш ва тайёр металл маҳсулотларига айлантириш жараёнлари тарихий изчилликда ёритилган. Шунингдек, минтақадаги кончилик тажрибаси дунёнинг бошқа ҳудудларидаги жараёнлар билан қиёсий таҳлил қилинган.
Биз бу китобда қадимги даврларда Марказий Осиёда кончиликнинг бошланиши, маъданларнинг қазиб олиниш усуллар ва уларни тайёр маҳсулот ҳолатига келтириш жараёнларини тўлиқроқ баён этишга ҳаракат қилдик. Кейинги тарихий босқичларни ҳам қамраб олиб, ислом цивилизациясигача бўлган даврдаги кончилик ва маъданчилик тараққиётини ўргандик. Китобни тайёрлашда ҳар бир маълумотни илмий асослашга алоҳида эътибор қаратдик, — деди Абдурашид Ҳасанов.
Муаллиф тадқиқотнинг ишончлилиги ва мазмунан бой бўлишини таъминлаш мақсадида хорижий мамлакатлардаги музейлар ва тарихий коллекцияларни ҳам ўрганган. Хусусан, у ўз ташаббуси ва маблағи ҳисобидан 12 та давлатдаги 18 та музейга ташриф буюриб, уларда сақланаётган экспонатлар билан танишган, фото ва видеоматериаллар тўплаган. Ушбу маълумотлар археологик тадқиқотлар ҳамда аввалги илмий асарлар билан солиштирилиб, китобда ўз аксини топган.
Хорижий музейлардаги изланишлар давомида олим Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган кўплаб ашёларга ҳам дуч келган. Айниқса, Вена музейларида Амир Темур даврига оид тангалар, Илоқ ва Шош тарихига дахлдор нумизматик намуналар унинг эътиборини тортган.
Венадаги музейлардан бирида Амир Темур даврига оид тангаларни кўрдим. Шунингдек, Илоқ давлатида зарб этилган қадимий тангаларга ҳам кўзим тушди. Айрим буюмлар ва безакларда араб ёзувларини кўриб, ҳайратландим. У ерларда Илоқ, Шош, Самарқанд ва Бухоро тарихига тааллуқли бўлиши мумкин бўлган кўплаб ашёлар сақланмоқда. Бундай экспонатларни кўриш, албатта, катта қизиқиш уйғотади, — деди олим.
Профессор Абдурашид Ҳасанов китоб тақдимотининг айнан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани ўзи учун катта шараф ва масъулият эканини ҳам алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, Марказда яратилган илмий ва маърифий муҳит аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, янги тадқиқотларни амалга ошириш учун муҳим имконият яратмоқда.
Умуман, “Ўзбекистон кончилиги ва маъданчилиги тарихи” китобида акс этган маълумотлар халқимизнинг қадимий ишлаб чиқариш маданияти, илмий-амалий тажрибаси ва технологик салоҳиятини англашда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур нашр кончилик ва металлургия тарихи билан қизиқувчи мутахассислар, тадқиқотчилар, талабалар ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун қимматли илмий манба бўлиб хизмат қилади.





