Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси бош директори Ислом цивилизацияси марказини «ҳақиқий ёдгорлик» деб атади
Бугун Тошкентда ЎзА ва ТАСС ахборот агентликлари томонидан ташкил этилган III Ўзбекистон–Россия медиафоруми доирасида Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси (ВГТРК) бош директори Олег Добродеев бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Бу ҳайратланарли, ажойиб марказ. Бу Ўзбекистонни барпо этган, ўзбек цивилизацияси ва маънавиятининг шаклланишига тамал тошини қўйган барча инсонлар, буюк бунёдкорлар хотирасига бағишланган ҳақиқий ёдгорликдир. Унда буюк цивилизация ва буюк мамлакат тараққиётининг барча босқичлари акс этган. Бу ерда мени мутлақо ҳамма нарса ҳайратга солди. Бу масканда ҳар бир жиҳатга меҳр ва нозик дид билан ёндашилган. Унда цивилизация тараққиётининг турли, баъзан мураккаб кечган даврлари ҳақида ҳикоя қилинади. Чунки бу тарихни бошқача ифодалаш қийин. Сўғд ва Бақтрия даврлари, турли мураккаб тарихий босқичлар, Александр Македонский давридан тортиб, Амир Темур ва унинг издошлари билан боғлиқ бунёдкорлик давригача бўлган жараёнлар қамраб олинган. Айниқса, тарихнинг бугунги мамлакат, замонавий Ўзбекистон ҳаёти билан шунчалик нозик ва эҳтиёткорлик билан уйғунлаштирилгани таҳсинга сазовор. Бу ерда меҳнат қилган барча инсонлар — ҳомийлар, рассомлар, мозаика усталари, музей ходимлари ва ушбу ноёб коллекцияни яратишда иштирок этган мутахассисларнинг меҳнатига бўлган улкан ҳурмат ифодасидир. Бу ҳақиқатан ҳам кишини ҳайратга солади.
Бизни жуда кўп муштарак жиҳатлар боғлаб туради. Тарихларимиз, маданиятларимиз бир-бирига қанчалик чамбарчас боғланганини айнан ушбу марказ яна бир бор тасдиқлайди. Гарчи бу ерда асосан анча қадимий тарих ҳақида сўз юритилса-да, ўша тарихнинг ўзида ҳам бизни бирлаштириб турган ришталар яққол кўзга ташланади. Вақт ўтиши билан бу ришталар мустаҳкам ва қудратли боғларга айланди. Қадимий тарихимизда шаклланган асослар кейинчалик, хусусан, XX асрдаги умумий тарихимизга ҳам замин яратди. Айнан шу тарихдан биродарлик ва меҳр-оқибат туйғуларимиз илдиз олади. Чунки рус ва ўзбек халқлари, эҳтимол, бутун собиқ совет маконида бир-бирига алоҳида меҳр ва ҳурмат билан муносабатда бўладиган халқлардир. Россияда Иккинчи жаҳон уруши йилларида эвакуация қилиниб, бу ердан бошпана ва паноҳ топган бир ярим миллион инсон ҳеч қачон унутилмайди. Худди шунингдек, ўзбек оилаларининг етим қолган болаларни ўз бағрига олиб, уларни ўз фарзандидек тарбиялаган буюк жасорати ҳам ҳеч қачон унутилмайди.
Шунингдек, Россия фронтларда жанг қилган ва уларнинг кўпчилиги урушда ҳалок бўлган бир ярим миллион ўзбек аскарини ҳам ҳеч қачон унутмайди. Бизни бирлаштириб турган ана шу тарихий ришталарни билиш ва англаш жуда муҳим. Бу борада турли даврларда Бухоро, Хива ва Самарқандда фаолият олиб борган археологларимиз ҳамда тарихчиларимизнинг илмий изланишлари, ўзаро ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Улар Улуғбекнинг ноёб меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш устида ҳам иш олиб боришган. Бу жараёнларда кўплаб қўлёзмалар сақлаб қолинди. Бугун биз бу ерда намойиш этилаётган ана шу тарихий мероснинг бир қисмини ҳам кўриб турибмиз. Албатта, буларнинг барчаси бизни бирлаштириб туради.





