III Ўзбекистон – Россия медиафоруми иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Тошкентда бўлиб ўтаётган III Ўзбекистон–Россия медиафоруми доирасида икки мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, давлат идоралари ва медиа соҳаси вакилларидан иборат делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олиб, музей экспозициялари билан таништирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бошчилигида Марказга ташриф буюрган форум қатнашчиларига Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мажмуанинг яратилиш ғояси, илмий-маърифий аҳамияти ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини намоён этишга қаратилган концепцияси ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов халқаро медиа ҳамжамиятининг Марказга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
«Бугун Ислом цивилизацияси марказига нафақат давлат раҳбарлари, сиёсатчилар ва тадбиркорлар, балки дунёнинг таниқли журналистлари, халқаро ахборот агентликлари вакиллари ҳам ташриф буюрмоқда. Россиялик ҳамкасбларимиз ҳали Ўзбекистонга келмасидан аввал ҳам Марказни кўриш истагини билдирган эдилар. Бугун уларнинг экспозициялар билан танишиш жараёнидаги ҳайратини, олган таассуротларини кўриб турибмиз. Дунё эътиборини тортаётган бундай мажмуанинг юртимизда бунёд этилгани менда катта фахр туйғусини уйғотади», — деди Абдусаид Кўчимов.
Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги бош директори Андрей Олегович Кондрашов эса Марказнинг нафақат меъморий ва бадиий жиҳатларига, балки унинг чуқур маърифий мазмунига алоҳида эътибор қаратди.
«Бу ердан ниҳоятда кучли таассурот олдим. Бу шунчаки эстетик завқ эмас, балки инсон эга бўладиган чуқур маърифат ҳамдир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусини юксак давлат донишмандлиги намунаси, деб биламан. Зеро, бу аждодларимиз ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятни англаш билан боғлиқ. Ўзбекистон заминида азалдан юксак цивилизация, бой маданият ва улкан тарихий мерос мавжуд бўлган. Келажак сари интилишда айнан шу меросга таяниш зарур. Шу боис бу мажмуа шунчаки музей эмас, балки буюк цивилизациянинг давомийлигини намоён этадиган муҳим маърифат масканидир», — дея таъкидлади ТАСС раҳбари.
Россия Федерацияси Президенти Администрациясининг стратегик шериклик ва ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Вадим Титов ҳам Марказнинг халқаро аҳамияти ва унинг жаҳон илм-фани ҳамда маданиятини тарғиб этишдаги ўрнига юксак баҳо берди.
«Бу ҳақиқатан ҳам ноёб музей, фан ва маданиятнинг бетакрор масканидир. Бу ерда тарих, маданият, илм-фан ва инсоният тараққиётига таъсир кўрсатган буюк кашфиётларни ўз кўзимиз билан кўриш имкониятига эга бўлдик. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси бугун ўзининг амалий ифодасини топганини кўриб турибмиз. Марказ дунёнинг турли нуқталаридан келаётган инсонларни ўзига жалб этадиган масканга айланмоқда. Ўзбекистоннинг илм-фан, санъат ва маданият соҳаларидаги бой мероси жаҳон цивилизацияси хазинасини янада бойитади», — деди Вадим Титов.
Россия Интернетни ривожлантириш институти бош директори Алексей Гореславский музей концепцияси ва замонавий технологиялардан фойдаланиш даражаси унда катта таассурот қолдирганини билдирди.
«Бу ерда амалга оширилган ишларнинг кўлами ва сифати ҳайратланарли. Айниқса, асосий эътибор ҳукмдорлар эмас, балки маданият, илм-фан, маънавият ва цивилизация ютуқларига қаратилгани қувонарли. Интерактив технологияларнинг юксак даражаси ва асл тарихий экспонатларнинг мавжудлиги алоҳида ҳурмат уйғотади. Тарихчи сифатида мен учун бу экспозициялар ниҳоятда қизиқарли бўлди. Менимча, бу шундай масканки, инсон бу ерда нафақат билим олади, балки бир умр ёдда қоладиган ҳиссиёт ва таассуротларга ҳам эга бўлади», — дея таъкидлади Алексей Гореславский.
Россиялик таниқли кинорежиссёр Алексей Герман эса Марказнинг музей санъати нуқтаи назаридан ўзига хослиги ва ёш авлод тарбиясидаги аҳамиятини эътироф этди.
«Бу музей санъатининг ҳақиқатан ҳам улкан намунасидир. Мен дунёда кўрган энг яхши музей маконларидан бири, деб ҳисоблайман. Барча жиҳатлари ниҳоятда пухта ўйланган ва юксак савияда амалга оширилган. Энг муҳими, бу ерда Ўзбекистон ва ислом цивилизациясининг жаҳон тарихидаги ўрни, унинг бутун бойлиги ва мураккаблиги жуда таъсирчан ва тушунарли тарзда намойиш этилган. Бундай Марказ ёш авлоднинг тарихий билимларини бойитиш ва маданий дунёқарашини шакллантиришда алоҳида аҳамиятга эга», — деди режиссёр.
Ташриф доирасида меҳмонлар Марказнинг анжуманлар зали билан ҳам танишдилар. Уларга бу ерда халқаро илмий анжуманлар, маданий-маърифий учрашувлар ва нуфузли тадбирларни ўтказиш учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, меҳмонларга Марказ номидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
Мазкур ташриф III Ўзбекистон–Россия медиафоруми доирасидаги маданий-маърифий мулоқотнинг муҳим давоми бўлиб, Ўзбекистоннинг бой илмий ва интеллектуал меросини халқаро жамоатчиликка танитиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маданий ва ахборот соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.





