THE TIMES нашри Тошкентни Буюк Ипак йўлидаги оддий манзил эмас, балки бой тарих ва замонавий маданият уйғунлашган мафтункор шаҳар сифатида эътироф этди
Буюк Британиянинг энг нуфузли ва тарихий нашрларидан бири — THE TIMES газетасида Ўзбекистон пойтахти Тошкентнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган махсус мақола эълон қилинди. «Бу мафтункор шаҳар Буюк Ипак йўлидаги оддий тўхташ манзилидан анча кўпроқ маънога эга» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада пойтахтнинг бой тарихий мероси, ўзига хос меъморчилиги, маданий ҳаёти ва замонавий сайёҳлик имкониятлари ёритилган.
Муаллиф Клэр Буббиер Тошкентни фақат Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилувчилар қисқа муддатга тўхтаб ўтадиган шаҳар эмас, балки алоҳида эътибор ва вақт ажратишга арзийдиган жозибадор манзил сифатида таърифлайди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон пойтахти қадимий цивилизация мероси, совет даври модернистик меъморчилиги ва бугунги маданий янгиланиш жараёнларини ўзида мужассам этган.
Мақолада Тошкентнинг энг муҳим янги маданий-маърифий масканларидан бири сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига алоҳида ўрин ажратилган. Нашр муаллифи Марказни Ўзбекистоннинг қадимий тарихидан тортиб, замонавий давр сиёсий жараёнларигача бўлган кенг тарихий манзарани намоён этувчи таъсирчан мажмуа сифатида баҳолайди.
«Ҳайратланарли янги Ислом цивилизацияси марказининг энг яхши экспозиция залларини томоша қилинг. Бу ерда Ўзбекистоннинг қадимий тарихидан тортиб, замонавий давр сиёсий жараёнларигача бўлган давр ҳақида атрофлича маълумот олиш мумкин», деб ёзади муаллиф.
Клэр Буббиер Марказ экспозициясининг ўзига хос жиҳатларига ҳам тўхталиб, бу ердаги тақдимот анъанавий музей намойишидан тубдан фарқ қилишини таъкидлайди. Хусусан, санъат асарлари, нодир матолар ва тарихий артефактлар замонавий аудиовизуал воситалар, иммерсив экспозициялар ҳамда илғор технологиялар ёрдамида намойиш этилаётгани алоҳида эътироф этилган.
Муаллиф Марказда сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган фотобудка мавжудлигини ҳам қизиқарли янгилик сифатида келтиради. Ушбу интерактив имконият орқали ташриф буюрувчилар ўзларини ўзбек хонандаси, мусиқачиси ёки космонавт қиёфасида тасвирга туширишлари мумкинлиги қайд этилган.
THE TIMES нашрининг ушбу мақоласида Ислом цивилизацияси марказининг Тошкент маданий ҳаётидаги ўрни ва Ўзбекистоннинг тарихий-маънавий меросини замонавий технологиялар асосида кенг намойиш этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор.
Шунингдек, мақолада 1966 йилги зилзиладан кейин қайта барпо этилган Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфаси, Чорсу бозори, «Космонавтлар» метро бекати, Амалий санъат музейи ва миллий ҳунармандчилик анъаналари ҳам тилга олинади. Муаллиф пойтахтдаги маданий ўзгаришлар, янги санъат масканлари, дизайнерлик ва ҳунармандчилик йўналишларининг ривожланиши шаҳарнинг замонавий қиёфасини бойитаётганини таъкидлайди.
Мақоланинг эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, муаллиф Тошкентга саёҳатни Буюк Ипак йўли бўйлаб ташкил этилган оддий саёҳат дастурининг бир қисми сифатида эмас, балки мустақил ва мазмунли саёҳат йўналиши сифатида кўришга чақиради.
Бу каби эътирофлар Ўзбекистоннинг халқаро туризм маконидаги нуфузи ортиб бораётгани, айниқса, мамлакатнинг бой ислом цивилизацияси, илмий-маърифий мероси ва замонавий маданий инфратузилмаси хорижий аудиторияда тобора катта қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади.





