«Учинчи Ренессанс чорраҳаси»: Имом-хатиблар учун илм, тарих ва маърифат мулоқоти ташкил этилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятидан ташриф буюрган имом-хатиблар иштирокида “Учинчи Ренессанс чорраҳаси” мавзуси доирасида маърифий тадбир ташкил этилди.
Ташриф аввалида иштирокчилар учун маҳорат дарси ўтказилди. Унда диний-маърифий фаолиятда замонавий ёндашувлар, миллий ва диний қадриятларни тарғиб этиш, тарихий меросни ёш авлодга етказиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, меҳмонларга “Мен” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Шундан сўнг имом-хатиблар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказнинг музей экспозициялари билан танишди. Улар юртимиз ҳудудида шаклланган қадимги цивилизациялар, ислом илм-фани тараққиёти, буюк алломалар ҳаёти ва илмий меросига оид тарихий манбалар, ноёб экспонатлар ҳамда замонавий мультимедиа ечимлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Айниқса, Қуръони карим залида сақланаётган Усмон мусҳафи ва турли даврларга оид нодир Қуръон нусхалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ташрифнинг муҳим йўналишларидан бири Марказнинг илмий-тадқиқот ва маърифий фаолияти билан танишиш бўлди. Жумладан, меҳмонларга кутубхона фаолияти, унинг фондидан ўрин олган илмий адабиётлар, қўлёзмалар, электрон ахборот ресурслари ҳамда тадқиқотчилар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Марказнинг иккинчи қаватида жойлашган халқаро илмий-маърифий платформа фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга ушбу платформанинг асосий вазифаси — ислом цивилизацияси меросини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб этиш, жаҳоннинг нуфузли илмий муассасалари, тадқиқот марказлари, халқаро ташкилотлар ҳамда олимлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш экани тушунтирилди.
Мазкур платформа халқаро илмий мулоқотлар, конференциялар, давра суҳбатлари ва тақдимотларни ташкил этиш, қўшма тадқиқотларни амалга ошириш, илмий тажриба алмашиш учун замонавий майдон вазифасини бажаради. У орқали Марказда жамланган тарихий манбалар ва илмий изланишлар натижаларини халқаро илмий ҳамжамиятга етказиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой илмий-маънавий меросини жаҳонда кенг танитиш имкониятлари яратилган.
Шодлик Бойназаров, Хоразм вилояти Хива туманидаги Хон Исмоил Жўржоний масжиди имом-хатиби:
Бу ерда фақатгина музей билан чекланиб қолинмаган. Илмий йўналишлар, диний қадриятларимиз, ислом динининг шаклланишидан бугунги кунгача бўлган тарихи, буюк уламоларимиз ҳаёти ва уларнинг асарлари билан танишиш имконияти яратилган. Бундай марказнинг барпо этилиши юртимиз келажаги, айниқса, ёш авлод учун катта илмий ва маънавий мерос ҳисобланади.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Қангли жоме масжиди ноиб имоми эса Марказда яратилган замонавий имкониятлар, хусусан, экспозициялар ва кўп тилли ахборот тизимининг аҳамиятига тўхталди.
Унинг таъкидлашича, Марказ орқали миллий қадриятлар, диний мерос ва буюк алломалар ҳаёти ҳақида турли тилларда маълумот олиш, уларни чуқур ўрганиш мумкин. Айниқса, Қуръони карим залидаги “Алақа” сураси илк оятларидан бошланиб, “Фотиҳа” сураси тиловати билан давом этадиган тақдимот унда катта таассурот қолдирган.
Нормамат Рамазон, Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби:
Уламоларимизнинг ҳаёти ва илмий мероси, қўлёзма китоблар, шунингдек, Қуръони карим залидаги Усмон мусҳафи билан танишиб, жуда катта таассурот олдик. Бу ерда ҳар бир тафсилотга алоҳида эътибор қаратилган. Юртимизда бундай илмий-маърифий марказлар ташкил этилаётгани биз, диний соҳа вакиллари учун ҳам катта имконият.
Таъкидлаш жоизки, “Учинчи Ренессанс чорраҳаси” мавзуси доирасидаги бундай учрашув ва маърифий ташрифлар диний соҳа вакилларининг тарихий мерос, ислом илм-фани ва замонавий илмий тадқиқотлар ҳақидаги билимларини бойитиш, шунингдек, миллий ва диний қадриятларни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.





