Усмон мусҳафидан уч минг йиллик тарихгача: малайзиялик олимларни Ўзбекистон мероси ҳайратлантирди
«Ушбу Марказнинг таъсири фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмайди. У Исломнинг ҳақиқий моҳиятини, унинг бағрикенглик, эзгулик ва маърифатга асосланган таълимотини бутун дунёга етказишга хизмат қилади», — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига еттинчи бор ташриф буюрган малайзиялик шайх Абдуллоҳ Собҳи Мареи. Малайзиянинг «Ресту» жамғармаси ва Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) вакиллари Марказ экспозицияларида Ўзбекистон ҳудудининг уч минг йиллик тарихи, Усмон мусҳафи, буюк алломалар мероси ҳамда замонавий музей технологиялари уйғунлаштирилганини юқори баҳолади. Меҳмонларнинг фикрича, мажмуа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссасини халқаро аудиторияга етказишда муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Малайзиянинг «Ресту» жамғармаси вакиллари ҳамда мамлакат Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) билан боғлиқ илмий мутахассислар ташриф буюрди.
Меҳмонлар Марказнинг тарихий экспозициялари, Қуръон меросига бағишланган бўлимлари, буюк алломалар ҳаёти ва илмий кашфиётларини ёритувчи кўргазмалари ҳамда замонавий Ўзбекистон тараққиёти акс эттирилган экспозициялар билан танишди.
Ташриф давомида улар Ўзбекистон ҳудудида шаклланган кўп асрлик цивилизациялар, ислом илм-фани ва маърифий анъаналарининг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр билдирди.
Еттинчи ташриф ва ҳар сафар янги таассурот
«Насирул Қуръон» академияси ижрочи директори шайх Абдуллоҳ Собҳи Мареи учун мазкур ташриф алоҳида аҳамиятга эга бўлди. У Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига еттинчи бор келаётганини айтиб, ҳар сафар экспозициялардан янги таассурот олишини таъкидлади.
«Бу ерга ҳар сафар келганимда, кўрганларимдан янада ҳайратга тушаман. Ислом цивилизациясининг тарихий мавқеини тиклаш ва унинг бой меросини қайта кашф этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бу — давлат раҳбари ва ҳукуматнинг улкан саъй-ҳаракатлари самарасидир. Менимча, ушбу Марказнинг таъсири фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмайди. У Исломнинг ҳақиқий моҳиятини, унинг бағрикенглик, эзгулик ва маърифатга асосланган таълимотини бутун дунёга етказишга хизмат қилади. Зеро, Ислом — илм-фан, тамаддун, юксалиш ва тараққиёт динидир. Марказдаги ҳар бир бўлим, ҳар бир экспозиция алоҳида маъно ва тарихий сабоққа эга. Аммо Усмон мусҳафи менинг қалбимга айниқса яқин. Ушбу муқаддас мерос билан руҳий боғлиқликни ҳис қиламан. Унинг улуғворлиги, нафис хат услуби ва тарихий аҳамияти инсонда чуқур ҳаяжон уйғотади», — деди Абдуллоҳ Собҳи Мареи.
Меҳмон, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий ва Абу Али ибн Сино каби буюк алломаларга бағишланган экспозицияларни ҳам юқори баҳолади.
Унинг фикрича, бу алломалар мероси Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани, ислом тафаккури ва маданияти тарихидаги ўрнини намоён этади.
Замонавий Ўзбекистон тараққиётини акс эттирувчи бўлимлар эса меҳмонда мамлакатнинг тарихий мерос билан бир қаторда бугунги имкониятлари ҳақида ҳам яхлит тасаввур уйғотди.
Уч минг йиллик тарих замонавий технологиялар билан қандай уйғунлашган?
Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) вакили, айни пайтда Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тадқиқот олиб бораётган Муҳаммад Узайр бин Изҳам ҳам ташриф давомида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
«Бу ерда кўрганларим мени чиндан ҳам ҳайратга солди. Уч минг йиллик тарих, санъат ва замонавий технологияларнинг ягона маконда бирлаштирилгани Марказнинг ўзига хослигини белгилайди. Бундай музейлар орқали халқнинг тарихини жаҳонга танитиш, шу билан бирга, Ислом цивилизацияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш учун кенг имкониятлар яратиш мумкин», — деди малайзиялик тадқиқотчи.
Муҳаммад Узайр бин Изҳам Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидаги фаолияти, Самарқанднинг тарихий обидалари ва илмий анъаналари Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини чуқурроқ англаш имконини берганини таъкидлади.
Хусусан, Шоҳи Зинда мажмуаси, Регистон ансамбли, тарихий мадрасалар ва меъморий ёдгорликлар унинг эътиборини тортган.
«Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тадқиқот олиб борар эканман, Ўзбекистоннинг тарихий мероси нечоғлиқ бой эканига яна бир бор амин бўлдим. Шоҳи Зинда, Регистон ва бошқа тарихий обидалардаги мадрасалар, меъморий ечимлар ва асрлар давомида сақланиб келаётган илм муҳитида бу юртнинг буюк тарихи намоён бўлади. Ўзбекистон фақат Имом Бухорий ватани эмас. Бу замин Беруний, Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва кўплаб бошқа буюк алломаларни ҳам дунёга берган. Ана шу илмий мерос ва улуғ мутафаккирлар Ўзбекистоннинг ҳақиқий бойлигидир. Ислом цивилизацияси маркази эса бу бойликни дунёга танитишда муҳим ўрин тутади», — деди у.





