Ибн Синонинг Ҳиндистонда сақланаётган ноёб қўлёзма мероси ўрганилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино таваллудининг 1050 йиллигини кенг нишонлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда, алломанинг хорижий мамлакатларда сақланаётган илмий меросини ўрганиш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг 9–15 ноябрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Абу Али ибн Сино қўлёзма меросини тадқиқ этишга бағишланган илк илмий экспедицияси Ҳиндистонда бўлиб ўтмоқда. Ибн Сино жамоат фонди томонидан ташкил этилган экспедиция буюк алломанинг хорижий фондларда сақланаётган асарларини аниқлаш, ўрганиш ва илмий муомалага киритишга қаратилган. Мазкур илмий экспедицияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ходими Хусрав Ҳамидов ҳам иштирок этмоқда.
Илмий сафар Нью-Деҳли, Ғозиобод ва Алигарх шаҳарларини қамраб олган. Делегация аъзолари Ҳиндистоннинг илмий муассасалари ва қўлёзма фондларида сақланаётган ноёб манбалар билан танишиб, уларни тадқиқ этиш юзасидан учрашувлар ўтказмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида Ибн Сино илмий мероси, унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ҳамда икки мамлакат ўртасидаги илмий ҳамкорлик истиқболларига бағишланган конференция ташкил этилди.
Абу Али ибн Сино — жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган буюк қомусий олим. Унинг тиббиёт, фалсафа, мантиқ ва табиий фанларга оид асарлари асрлар давомида Шарқ ва Ғарб илм-фани ривожига улкан таъсир кўрсатган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аллома таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш доирасида унинг бой илмий меросини чуқур тадқиқ этиш, хорижий кутубхоналар ва қўлёзма фондларида сақланаётган асарларини ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳаси асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам буюк аждодларимиз илмий-маърифий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Ҳиндистондаги мазкур илмий экспедиция Ибн Сино меросига оид янги манбаларни аниқлаш, уларни илмий тадқиқотларга жалб этиш ва Ўзбекистон — Ҳиндистон илмий-маданий ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.





