Ўмон Маданий мутолаа уйи раҳбари: «Марказ нашрлари мени ниҳоятда ҳайратлантирди»
Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳрида ўтказилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўмон Маданий мутолаа уйи вакили Марказ нашрларининг бадиий безаклари ва тарихий мазмунидан катта таассурот олганини билдириб, икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик Маҳмудхўжа Беҳбудий меросига бағишланган адабий учрашувлар орқали аввалроқ бошланганини таъкидлади.
Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимот тадбири икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликнинг яна бир мулоқот майдонига айланди.
Тадбир доирасида Ўмон Маданий мутолаа уйи вакили Ўзбекистон билан аввалдан йўлга қўйилган адабий алоқалар, мамлакатга амалга оширилган маданий сафар ва Ислом цивилизацияси маркази нашрлари ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Ҳалима ал-Балуший, Ўмон Султонлиги Маданий мутолаа уйи («Байт ал-Қироа ас-Сақофий») раҳбари
Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз бугун бошлангани йўқ. Аввалроқ Ўзбекистоннинг Масқатдаги элчихонасида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақидаги китоблардан бирининг муҳокамасини ташкил этган эдик. Бу жуда мазмунли ва самарали мулоқот бўлган. Тадбир Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси жаноблари мезбонлигида ўтказилган эди.
Шундан сўнг икки мамлакат элчихоналари — Ўзбекистоннинг Масқатдаги ва Ўмоннинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорлик ва келишув асосида Маданий мутолаа уйи аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга қарор қилдик.
Бу ташриф ташкилотимиз амалга оширган энг ажойиб сафарлардан бири бўлди. Унда биз Ўзбекистоннинг бой маданияти билан яқиндан танишдик. Таассуротларимиз ниҳоятда ҳайратланарли бўлди. Аъзоларимиз Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини жуда яхши кўриб қолишди. Биз учта шаҳарда бўлдик ва уларнинг ҳар бири бизга аввалгисидан ҳам гўзалроқ туюлди.
Айрим жойлар Ўмоннинг баъзи шаҳарларига жуда ўхшаш экани ҳам эътиборимизни тортди. Айниқса, Бухородаги қадимий тарихий масканлар, тор кўчалар, эски уйлар, деразалар ва анъанавий меъморий иншоотлар бизга ўзгача таассурот бағишлади.
Сафар иштирокчилари Ўзбекистоннинг улкан маданий бойликларга, қадимий Ислом цивилизацияси ва юксак тарихий меросга эга мамлакат эканини чуқур ҳис этдилар. Бу жиҳатлар икки мамлакат маданияти ўртасидаги яқинлик ва муштаракликни янада яққол намоён этди.
Ҳатто айрим аъзоларимиз Тошкентдан уй сотиб олиш истагини ҳам билдиришди. Улар Ўзбекистонга тез-тез бориб туришни хоҳлашмоқда. Ўзбек таомлари уларга жуда-жуда ёқди. Ўзбекистон бозорлари, уйлари, саройлари, тарихий ёдгорликлари, шаҳарлари ва табиати — мамлакатга хос барча жиҳатлар уларни мафтун этди.
Ислом цивилизацияси марказига келадиган бўлсак, биз Ўзбекистонга ташриф буюрган пайтимизда Марказ ҳали очилмаган эди. Аммо у ҳақида эшитган эдик ва уни кўришни жуда истаганмиз. Бизга марказ кейинроқ очилиши ҳақида маълум қилишган эди.
Мана, бугун эса Ислом цивилизацияси марказининг очилиши муносабати билан ушбу масжиднинг муҳташам залида турибмиз. Бизни таклиф этишгани ва ушбу гўзал кўргазмани томоша қилиш имконияти яратилганидан жуда хурсандмиз.
Очиғини айтсам, марказ нашрлари мени ниҳоятда ҳайратлантирди. Китоб муқоваларининг ранглари, уларнинг безаклари, китоблар ичидаги гўзал манзаралар ва тарихий обидалар тасвири менда катта таассурот қолдирди.
Масқатдаги тақдимот Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий фаолияти ва нашрларини хорижий жамоатчиликка таништириш билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида аввалдан шаклланган адабий-маданий алоқаларнинг давомийлигини ҳам намоён этди.





