МДҲ давлатлари вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг инклюзив имкониятларидан ҳайратда қолди
Тарихий мерос билан танишиш учун уни фақат кўриш шарт эмас — уни англаш, ҳис этиш ва мустақил ўрганиш имконияти ҳам муҳим. Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ташаббуси билан МДҲ давлатлари вакиллари иштирокида бошланган халқаро саммит дастури доирасида меҳмонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг инклюзив муҳити, тўсиқсиз ҳаракатланиш шароитлари ва экспонатлар билан тактил танишиш имкониятлари билан танишди.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ташаббуси билан ташкил этилган халқаро саммит доирасида инклюзив таълим, бандлик, ижтимоий интеграция ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ислом цивилизацияси марказига ташриф эса мазкур мавзуларнинг амалий жиҳатларидан бири — маданий ва тарихий меросдан фойдаланиш имкониятлари билан бевосита танишишга хизмат қилди.
Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви раҳбари Турдали Норматов Марказдаги инклюзив шароитлар ҳақида фикр билдириб, ҳаракатланиш ва экскурсия хизматларидан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратди.
«Марказга кирган иштирокчиларимиз ўзларининг ногиронлигини ҳам унутиб қўйишди. Чунки ҳаракатланиш, юқорига кўтарилиш ва пастга тушиш, гидлар хизматидан фойдаланиш учун барча шароитлар қулай ташкил этилган. Бунинг учун Президентимизга кўзи ожизлар ва ногиронлиги бўлган шахслар номидан алоҳида миннатдорчилик билдираман», — деди Турдали Норматов.
Ирина Юреня, Беларусь кўзи ожизлар жамоат бирлашмаси Марказий бошқаруви раиси:
Бу ерда тарих ва замонавий инновациялар ўзига хос тарзда уйғунлашган. Кўриш имконияти чекланган инсонлар учун ҳам барча шароитлар яратилган. Биз Марказ бўйлаб ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланяпмиз, экспонатларни тактил ҳис қилиш, ушлаб кўриш имкониятига эгамиз. Бу эса тарихий билимларни қабул қилишни янада қулайлаштиради.
Анастасия Белова, қирғизистонлик тарихчи ва педагог:
Тарихчи ва тарих фани ўқитувчиси сифатида бугунги кун мен учун ўтмишга сеҳрли саёҳат бўлди. Бу ердаги экспозициялар — жонли дарсликлар, тарихнинг тирик нафасидир. Заиф кўрувчи инсон сифатида дастлаб ҳаракатланишда қийинчилик бўлармикан, деб хавотирланган эдим. Аммо бу ерда ўзимни жуда эркин ҳис қиляпман. Қирғизистонга қайтгач, кўрганларимни ўқувчиларим билан баҳам кўраман.
Халқаро саммит иштирокчиларининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи инклюзив муҳит фақат тўсиқсиз ҳаракатланиш эмас, балки маданий меросни англаш, тарихий билимларни ўзлаштириш ва маърифий жараёнларда тенг иштирок этиш имконияти билан ҳам белгиланишини намоён этди.





