Москва шаҳар Думаси раиси: «Бу шунчаки бино эмас — ислом маданиятининг қалби»
«Бу биринчи навбатда бино эмас, балки ислом маданиятининг қалби, ислом тарихининг қалби», — деди Москва шаҳар Думаси раиси Алексей Шапошников Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида.
Россия Федерацияси Москва шаҳар Думаси раиси А. Шапошников бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Алексей Шапошников, Россия Федерацияси Москва шаҳар Думаси раиси:
Менимча, бу биринчи навбатда бино эмас, балки ислом маданиятининг қалби, ислом тарихининг қалби бўлиб, у жуда замонавий, интерактив ва тушунарли шаклда ислом маданияти нақадар улуғ эканлигини ҳаммага кўрсатиб беради. Биз ёш бўлган вақтимизда, афсуски, бундай технологиялар йўқ эди. Ҳозир эса худди болалардек, оғзимизни очиб ушбу гўзал экспозицияга ва кўрсатилган нарсаларга қараб юрибмиз. Менимча, Ўзбекистонга, Тошкентга келган ҳар бир киши бу ерга келиши ва ушбу гўзал экспозиция билан танишиши шарт.
А. Шапошников ўз баҳосида учта асосий жиҳатни ажратиб кўрсатди: ислом цивилизацияси тарихининг яхлит намойиш этилиши, музей экспозицияларида замонавий технологиялардан самарали фойдаланилиши ва тарихий мероснинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти.
Унинг таъкидлашича, Марказ турли халқларнинг тарих ва маданият билан танишиши, буюк цивилизациялар илмий ютуқларини англаши ҳамда ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаши учун муҳим имкониятлар яратади.





