Эрон вазири: «Муштарак тарихий илдизлар бугунги муносабатларимизга ҳам катта таъсир кўрсатади»
Эрон ва Ўзбекистон халқларини минг йиллик тарих, умумий маданий қадриятлар, илмий-маърифий анъаналар ва цивилизациявий алоқалар бирлаштириб туради. Бу муштаракликни ўзида мужассам этган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Эрон Ислом Республикаси Йўл ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказнинг Исломдан аввалги давр цивилизацияларидан тортиб, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс давригача бўлган тарихий жараёнларни қамраб олган экспозициялари билан танишдилар.
Марказнинг тарихий харитасида Буюк ипак йўли орқали ўзаро боғланган шаҳарлар қаторида Эроннинг Ктесифан, Шероз, Табриз, Рай ва Исфаҳон шаҳарлари ҳам акс эттирилган. Мазкур йўналиш орқали Шарқ ва Ғарбни боғлаган савдо йўллари нафақат иқтисодий муносабатлар, балки илм-фан, санъат, ҳунармандчилик ва маданият алмашинувига ҳам хизмат қилгани кўрсатилади.
Икки халқнинг муштарак мероси темурийлар даври экспозициясида ҳам яққол намоён бўлади. Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлиги даврида бугунги Эрон ҳудудида меъморчилик, китобат, санъат ва илм-фан ривожланган. Рай, Машҳад, Исфаҳон, Табриз каби шаҳарларда бунёд этилган тарихий обидалар, жумладан, Гавҳаршодбегим масжиди темурийлар даври маданий тараққиётининг муҳим намуналаридан ҳисобланади. Экспозицияда ушбу даврга оид миниатюралар ва тарихий манбалар ҳам тақдим этилган.
Ташрифнинг энг муҳим қисмларидан бири Қуръони карим зали билан танишув бўлди. Бу ерда Ўзбекистонга дахлдор 114 та Қуръон қўлёзмасини қамраб олган лойиҳа доирасида жамланган ноёб манбаларнинг бир қисми намойиш этилмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу қўлёзмаларнинг салмоқли қисми Эрон фондларида, жумладан, Машҳад шаҳридаги Имом Ризо мажмуаси ва Остони Қудс кутубхонасида сақланади.
Улар орасида Сомонийлар даврига мансуб, X асрда кўчирилган, эски ўзбек ва форс тилларидаги таржималарга эга Қуръон нусхаси, XIV асрда хаттот Муҳаммад ибн Шайх Юсуф ал-Ибарий томонидан кўчирилган мусҳаф ҳамда XIII асрга оид қўлёзма алоҳида ўрин тутади. Бу манбаларда Қуръон оятларининг туркий ва форсий тиллардаги таржималари келтирилгани икки халқнинг нафақат диний, балки тил ва китобат маданиятидаги муштарак анъаналарини ҳам кўрсатади.
Эрон делегацияси раҳбари Фарзона Содиқ Марказдаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, икки мамлакат ўртасидаги муштарак тарихий, маданий ва диний-маърифий илдизлар экспозицияларда юксак маҳорат билан акс эттирилганини таъкидлади.
Аввало, гўзал Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганимдан фахрланаман. Мени ва ҳамкасбларимни мамнун этган жиҳат — Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги муштарак тарихий, цивилизациявий, маданий ҳамда диний-маърифий илдизларнинг бу ерда жуда таъсирчан тарзда намоён этилганидир. Марказ жуда яхши лойиҳалаштирилган, халқларимиз цивилизацияси ва унинг бой мероси юксак маҳорат билан акс эттирилган. Албатта, Ўзбекистонга ташрифимнинг муҳим йўналишларидан бири Буюк ипак йўлини қайта тиклаш ва уни замонавий транспорт коридори сифатида ривожлантириш масаласидир. Марказга ташриф мен учун жуда мазмунли ва фойдали бўлди. Яна бир бор таъкидлайманки, халқларимиз ўртасидаги муштарак тарихий илдизлар бугунги муносабатларимизга ҳам катта таъсир кўрсатади. Менга ташриф давомида тушунтирилган барча Ренессанс даврлари ёқди. Ташрифимнинг Қуръон тиловати билан якунланган қисми барча босқичлар ичида мен учун энг таъсирлиси бўлди, — деди вазир.
Шунингдек, ташриф якунида Эрон Ислом Республикаси Йўл ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ фахрий меҳмонлар китобига ўз қайдларини ёзиб қолдирди.
Маълумот учун, марказ кутубхонасида ҳам Эрон билан илмий-маърифий ҳамкорликнинг муҳим натижалари жамланган. 2019 йилда Эронга амалга оширилган хизмат сафари давомида 300 минг қўлёзма ҳақида маълумотни ўз ичига олган “Эрон қўлёзмаларининг иттифоқ каталоги” номли 45 жилдли ноёб тўпламнинг икки нусхаси Марказга ҳадя қилинган. Шунингдек, Эрон Миллий кутубхонаси томонидан Амир Темур авлоди вакили томонидан кўчирилган Қуръони каримнинг факсимиле нусхаси тақдим этилган. Кутубхона фондида Саъдий Шерозийнинг девони, Низомий ва Абдураҳмон Жомий асарлари ҳам мавжуд. Бугунга қадар Эрон томонидан Марказ кутубхонасига 300 дан ортиқ китоб ҳадя қилинган.





