Euronews: "Ўзбекистон — Тошкент метросидан Самарқанд дурдоналаригача бўлган саёҳат"
Ўзбекистоннинг бой тарихи, бетакрор меъморий обидалари ва маданий мероси халқаро медиа эътиборида. Европанинг нуфузли Euronews телеканали ўзининг «Grand Voyager» саёҳат дастурида Лилли Доус иштирокидаги махсус лавҳани намойиш этди. 2026 йил 11 ноябрь куни расмий сайтида эълон қилинган «Ўзбекистон — Тошкент метросидан Самарқанд дурдоналаригача бўлган саёҳат» номли мақолада мамлакатимизнинг диққатга сазовор масканлари, миллий анъаналари ва тарихий мероси ёритилган. Саёҳатнинг Тошкентдаги муҳим манзилларидан бири сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига алоҳида эътибор қаратилган. Муаллиф Марказнинг муҳташам меъморий қиёфаси ва бой экспозициялари орқали мамлакатимизнинг диний, маданий ва тарихий мероси, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон Ислом цивилизацияси тараққиётидаги муҳим ўрни билан таништиради.
Қадимий Ипак йўли шаҳарлари ва муҳташам меъморий обидалардан тортиб, гавжум бозорлар ва бой анъаналаргача — Лилли Доус билан Ўзбекистон тарихи, маданияти ва миллий таомлари оламига саёҳат қилинг.
Ўзбекистон — асрлар давомида шаклланган, қадимий Буюк Ипак йўли шаҳарлари, муҳташам меъморий обидалари ва бой маданий анъаналари ўзаро уйғунлашган мамлакатдир. Тошкентнинг гавжум кўчаларидан тортиб, Самарқанднинг тарихий дурдоналаригача бўлган саёҳат Марказий Осиёнинг бетакрор олами билан танишиш имконини беради.
«Grand Voyager» дастурининг ушбу сонида Лилли ўз саёҳатини мамлакат пойтахти Тошкентдан бошлайди. У Ўзбекистоннинг диний, маданий ва тарихий мероси ҳақида кўпроқ маълумот олиш мақсадида Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюради. Марказнинг ҳайратланарли меъморий қиёфаси ва экспозициялари орқали Ўзбекистоннинг кенг Ислом оламида тутган муҳим ўрни билан танишади.
Шаҳар тарихи унинг кўчалари остида ҳам ўз аксини топган. Тошкент метроси бўйлаб саёҳат давомида Лилли ўзига хос дизайни, мозаикалари ва бадиий безаклари билан ажралиб турадиган энг гўзал бекатларни кашф этади.
Ўзбек маданиятининг яна бир муҳим жиҳати — миллий таомлардир. Палов музейида Лилли мамлакатнинг энг машҳур анъанавий таомларидан бири бўлган палов тарихи, уни тайёрлашнинг ўзига хос усуллари ва ўзбек меҳмондўстлигидаги аҳамияти ҳақида маълумот олади.
Тошкентдан сўнг Лилли қадимий Ипак йўлининг энг муҳим шаҳарларидан бири бўлган Самарқандга йўл олади. Регистон майдонида у «Akasha Travel» вакили Хуршид Наримов билан учрашиб, мураккаб кошинкорлик нақшлари ва маҳобатли меъморий ечимлари билан машҳур муҳташам мадрасаларни томоша қилади. Шундан сўнг исломий безак санъатининг энг гўзал намуналари билан безатилган тарихий мақбараларни ўзида мужассам этган бетакрор Шоҳи Зинда мажмуасига ташриф буюради.
Самарқанд асрлар давомида шаклланган ҳунармандчилик анъаналарини ҳамон асраб келмоқда. Лилли анъанавий қоғоз тайёрлашнинг қадимий санъати билан танишади, сўнг маҳаллий ҳаётнинг ранг-баранглиги, овозлари ва таъмлари мужассам бўлган Сиёб бозорига йўл олади. Саёҳат якунида эса ўзбек халқининг яна бир анъанасига қўшилиб, машҳур миллий нонни ёпишни ўрганади.
Бетакрор меъморий обидалари, бой тарихи, гавжум бозорлари ва асрлар давомида сайқал топган анъаналари билан Ўзбекистон Ипак йўлининг қалбига саёҳат қилиш, бугунги кунда ҳам ривожланиб бораётган миллий маданият билан яқиндан танишиш имконини тақдим этади.





