Қўйқирилган қалъада юлдузлар ва Ой ҳаракати кузатилганми?
Қадимги Хоразм цивилизацияси ўзининг маҳобатли қалъалари, ноёб меъморчилиги ва астрономик билимлари билан жаҳон тарихи ва маданиятида алоҳида ўрин тутади. Ана шундай сирли ёдгорликлардан бири Қўйқирилган қалъадир.
Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида, Тўрткўл шаҳридан 30 километр шимоли-шарқда жойлашган ушбу ёдгорлик милоддан аввалги IV–III асрларга оид бўлиб, 1938 йилда машҳур археолог Сергей Толстов раҳбарлигидаги тадқиқотлар давомида ўрганилган.
Қўйқирилган қалъа ўзининг ғайриоддий меъморий тузилиши билан ажралиб туради. Айлана шаклидаги икки қаватли марказий иншоотнинг диаметри 42 метр, бутун мажмуанинг диаметри эса 90 метрни ташкил этади. Қалъа миноралар ва шинакларга эга ҳалқасимон мудофаа деворлари билан ўралган.
Айрим тадқиқотчилар Қўйқирилган қалъа нафақат мудофаа иншооти, балки қадимги астрономик кузатувлар ва диний маросимлар ўтказилган маскан бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар. Ёдгорлик номи билан боғлиқ қизиқарли фараз ҳам мавжуд. Унга кўра, «Қўйқирилган қалъа» атамаси дастлаб «Ой кўрилган қалъа» шаклида бўлган бўлиши мумкин. Бу талқин қадимги Хоразм коҳинлари ушбу маскандан янги ойнинг пайдо бўлиши, ҳилол ва юлдузлар ҳаракатини кузатган бўлиши эҳтимоли билан боғланади. Бироқ мазкур қараш ҳозирча илмий фараз бўлиб, қалъа номининг келиб чиқиши ҳақида қатъий хулоса сифатида қабул қилинмайди.
Археологик маълумотларга кўра, қалъа ўз тарихида бир неча тараққиёт босқичини бошдан кечирган. Унинг марказий қисми қадимда ёнғин оқибатида вайрон бўлган. Ушбу ёнғиннинг сабаблари эса ҳанузгача аниқ эмас.
Қалъа қадимги Хоразм аҳолисининг меъморчилик, муҳандислик ва осмон жисмлари ҳақидаги тасаввурларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга ноёб археологик ёдгорликдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳаси асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида халқимизнинг бой тарихий-маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказ экспозициясидан ўрин олган Қўйқирилган қалъа макети ташриф буюрувчиларга қадимги Хоразм цивилизациясининг ноёб меъморчилик анъаналари, аждодларимизнинг илмий тафаккури ва бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини беради.
Марказга ташриф буюриб, Қўйқирилган қалъа макетини ўз кўзингиз билан томоша қилишингиз, ушбу қадимий ёдгорликнинг тарихи, меъморий тузилиши ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот олишингиз мумкин. Бундай ноёб экспозициялар тарихимизни чуқурроқ англаш, аждодларимиз меросидан фахрланиш ва уни келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.





