ICESCO бош директори: «Ислом цивилизацияси маркази — ислом оламининг рамзи»
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Малик Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро аҳамиятига юқори баҳо берди.
Салим ал-Малик «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизнинг ислом дунёсидаги ўрни ҳамда бой тарихий-маданий мероси ҳақида фикр билдирди. Хусусан, у Ўзбекистон ва ICESCO ўртасидаги ҳамкорлик 2025 йилда Самарқанд Ислом дунёсининг маданий пойтахти бўлганидан сўнг янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
«Бу йил ислом оламининг рамзи бўлган Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий меросига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этдик. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ислом дунёси учун тарихий мероси нақадар бой эканини кўрсатади», — деди ICESCO бош директори.
Шунингдек, Салим ал-Малик Ўзбекистон Президентининг халқаро майдонда илгари сураётган ташаббусларини юқори баҳолаб, ташкилот мамлакатимиз билан яқин икки йилга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ташаббуслари нафақат миллий манфаатларга, балки глобал муаммоларни ҳал этиш, илм-фан, таълим ва барқарор тараққиётни таъминлашга ҳам қаратилган.
ICESCO раҳбарининг мазкур эътирофи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини яна бир бор намоён этади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳаси асосида барпо этилган Марказ халқимизнинг бой илмий ва маънавий меросини жаҳон ҳамжамиятига танитиш, буюк алломаларимиз илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда халқаро маданий-маърифий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.





